Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев 5 февралдаги фармони билан 2022 йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлади. «Газета.уз»нинг ёзишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Бундай жараён сўнгги бор 1989 йили ўтказилган.

«Ўзбекистон аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади», — дейилади фармонда.

БМТ 2015 йил 10 июндаги «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюциясига таяниб, аъзо давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.

«Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда», — дея таъкидланади фармонда.

Рўйхатга олиш аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш имконини беради.

Шу муносабат билан, Президент фармони билан Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси тузилган. Шунингдек, 2019 йил 1 июлга қадар «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган. Қонун лойиҳасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсадлари, тартиби, даври ва муддатлари, илғор хорижий амалиётда қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлиги, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбалари, рўйхатга олиш якунларини амалга ошириш бўйича ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилиши керак.