Шерзод Шерматов: Жойларда таълим сифатига урбанизация даражаси ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда

    Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Президентнинг урбанизация ҳамда стратегик таҳлилнинг муҳимлиги ҳақидаги сўзларига муносабат билдирди ва буни Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганиш асносида таҳлил қилиб берди.

    Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида урбанизация ҳамда стратегик таҳлилнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланган эди. Ушбу вазифалар муҳимлиги Самарқандга бориб ҳолатни ўрганганда аниқ кўринди.

    Самарқанд вилоятида бир ўқувчи сонига Тошкент шаҳридагидан кўра кўпроқ ортиқча ҳаражатлар қилинар экан-у, лекин таълим сифатига ва шароитларига келсак бунинг акси экан, сабаби айнан шу урбанизация билан боғлиқ.

    Самарқанд вилоятида ўқувчилар сони Тошкент шаҳридагидан 1,6 баробар кўп бўлсада, мактаблар сони деярли 4 баробар кўп. Ҳар бир мактабга директор, ўринбосар, хўжалик ишлари ходимлари, ёшлар етакчиси ва бошқа бевосита таълим бермайдиган, лекин мактаб фаолияти учун керак бўлган штатлар мавжуд. Бундан ташқари, кичик мактабда спортзал, лаборатория хоналари, ошхона, тадбирлар хонаси ва бошқа ёрдамчи хоналар билан таъминлашда нормативлар туфайли муаммолар бўлади.

    Кам соатли фанлардан, масалан, астрономия ёки ҳуқуқ фанлари бўйича ўқитувчи бир ставкада дарс бериши учун ҳам ўқувчи сони камида 700 нафар бўлиши керак.

    Натижада кичик мактабларда бу каби фанларни бошқа фан ўқитувчилари ўтади. Масалан, физика ўқитувчиси астрономия фанини ҳам, тарихчи эса ҳуқуқ фанини ҳам ўтади. Сифати шунга яраша бўлиши табиий.

    Таҳлил қилинса, 1991 йилгача Ўзбекистонда кўп қаватли массивлар қурилиши билан бирга улар атрофида 1,2 ёки 1,5 минг ўқувчи ўрнига мўлжалланган катта мактаблар қурилган экан. Ундан кейинги йилларда эса қурилган мактаблар асосан кам қувватга, кўпи билан 630 ўринга мўлжалланган бўлган. Бунинг асосий сабабларидан бири эса, режалаштириш асосан бир йиллик Инвестиция дастури бўйича бўлганигадир. Яъни бир йилда камроқ маблағ ишлатиш учун кичикроқ мактаб қурилган. Аслида эса узоқроқ муддатда бу кўпроқ ҳаражатга сабаб бўлади. «Скупой платит дважды» деган мақол жуда мос келади ушбу ҳолатга.

    Самарқанд вилоятида қурилган янги кўп қаватли уйлар массивида бу ҳолат янада яққол кўринди: деярли 1,5 минг хонадонга мўлжалланган массивда атиги 540 ўринли мактаб қурилибди. Битта хонадонда 1 нафардан фарзанди мактабга чиққанда ҳам мактаб сиғимидан 3 баробар кўп бўляпти, 2 нафардан фарзанд бўлса 6 баробар кўп бўлади. Қувонарлиси, бу массивни кейинги ривожланиш истиқболида қўшимча мактаб қуриш имкони бор ва у ерда Самарқанд вилоятининг янги раҳбарияти билан ҳамкорликда каттароқ мактаб қурилиши режалаштирилади.

    Охирги йиллардаги мамлакатимиздаги демографик тенденция фақат аҳоли ўсишини кўрсатмоқда, шунинг учун ҳам бундан буён кўпроқ уй-жойлар қурилиши кутилмоқда. Улар билан бирга албатта мингдан ортиқ хонадон қурилиши мўлжалланган массивларда мингдан ортиқ ўринга мўлжалланган мактаблар қурилишини ҳам инобатга олиш керак. Акс ҳолда кейинчалик кенгайтиришга ортиқча жой ҳам бўлмайди. Мактаблар бошидан 2-3 қават эмас, керак бўлса 4-5 қават қилиб қурилса, ўқувчи ўрнига нисбатан ҳаражати камроқ ҳам бўлади.

    Биринчи расмда, Жаҳон банки маълумотларига кўра умумий аҳоли сонига нисбатан шаҳар аҳолиси улуши мамлакатимизда охирги йиллар камайиш тенденциясига эга бўлгани кўринади, дунёнинг аксар мамлакатларида эса шаҳар аҳолиси ўсиши кузатилмоқда.

    Иккинчи расмда, демографик тенденция туфайли ўқувчилар сонини яқин йилларда ўсиши ва умумий мактаблар қувватига нисбатан қанчалик кўпайиб боришини кўрса бўлади. Охирги икки йилда ўқувчилар сони миллион нафарга ортган, янги мактаблар бинолари қуввати ошиши эса анча паст бўлган. Натижада аксарият мактаблар икки сменада ҳаттоки баъзилари уч сменада фаолият юритмоқда. Мавжуд кам қувватли мактаблар сиғимидан самарали фойдаланиш учун улар босқичма-босқич тармоқ мактабларига айлантирилмоқда. Лекин уларнинг барча қувватини қўшганда ҳам аҳоли ўсишини қоплай олмаслиги яққол кўриниб турибди.

    Хулоса қилганда, мактаблар қурилишини урбанизация жараёнлари билан бирга стратегик таҳлил асосида амалга ошириш режалаштирилса мақсадга мувофиқ бўларди.