Шавкат Мирзиёев ва Ангела Меркел музокара ўтказди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркелнинг музокаралари олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар тарқатди.

    Ангела Меркел Ўзбекистон Президентининг ташрифи узоқ танаффусдан кейинги муҳим ташриф экани, икки томонлама ҳамкорлик ривожига катта туртки беришини таъкидлади.

    – Биз Ўзбекистоннинг ишончли шериги бўлишни хоҳлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар борлигини кўрмоқдамиз, – деди Германия канцлери.

    Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган юксак ҳурмат учун чуқур миннатдорлик билдириб, германияликларни жорий йил май ойида нишонланадиган Германия Федератив Республикаси ташкил этиганининг 70 йиллиги билан табриклади.

    Томонлар сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётгани, сиёсий мулоқотлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этди.

    Президентимиз Ўзбекистон Германия билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга интилишини алоҳида таъкидлади.

    Музокараларда сиёсат, хавфсизлик, савдо, технология, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилиши маълум қилинди.

    Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида янада яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани қайд этилди.

    Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланиши таъкидланди.

    Учрашувда замонавий таҳдид ва хатарлар, аввало терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтиб ўтилди. Афғонистонда тинчлик жараёнини тез фурсатда бошлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан экани қайд этилди.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида конструктив мулоқот, шунингдек, давлат бошқаруви тизимининг шаффофлигига ҳамда коррупцияга тўлиқ барҳам берилишига эришиш мақсадида ҳамкорлик учун очиқ экани таъкидланди.

    Томонлар инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Ўзбекистон Президенти ташрифи арафасида ўтказилган бизнес-форумда 8 миллиард евродан зиёд қийматдаги янги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани, бошқа битимлар бўйича ишлар давом этаётгани маълум қилинди.

    Шунингдек, немис тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиладиган мактаблар тармоғини кенгайтириш, Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

    Бельвю саройида Президент Шавкат Мирзиёев билан Президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг учрашуви бўлиб ўтди.

    Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли соҳалардаги алоқаларни икки ва кўп томонлама асосда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

    Томонлар бундан буён ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этажагини билдирди.

    Президентлар Германия ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.

    Давлатимиз раҳбари “Марказий Осиё + Германия” форматида мулоқотларни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

    Ўзбекистон иқтисодиёти тубдан модернизация қилинаётган ҳозирги жараёнда Германиянинг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб этиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

    Маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ҳам муҳокама қилинди. Мактаб таълимида самарали немис технологияларидан фойдаланиш, жумладан, “Мактаблар: келажак шериклари” (PASCH) ташаббусини амалга ошириш, Ўзбекистонда Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш, икки халқ ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари эътибор марказида бўлди.

    Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан боришга таклиф этди. Федерал Президент мамлакатимизга шу йил май ойида боришга тайёр эканини билдирди.