Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Akfa’да улушим бор, лекин уни бошқалар бошқаради»

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзи асос солган Akfa компаниясида, бошқарувни бошқа шахсларга топширган бўлса-да, ҳамон ўз улушига эга. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти раҳбари пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.уз».

Журналистлар ҳокимдан Британиянинг Open Democracy нашри олиб борган суриштирув юзасидан изоҳ беришни сўради. Суриштирувда Tashkent City лойиҳасида қатнашаётган баъзи ширкатлар Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан боғлиқлиги, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида сўз боради.

«Akfa — менинг 20 йиллик компаниям. Тан оламан, ҳоким бўлишимни тушимда ҳам тасаввур қилмагандим. Бундан тайинловга ярим соат қолганида хабар топганман. Очиғини айтсам, 31 минг ходимга эга 20 йиллик компанияни шундай ташлаб кетиш…», — деди ҳоким.

«Президент бу ерда тўплаган тажрибамдан келиб чиқиб, мени раҳбар, ҳоким этиб тайинлаганида, унинг талаби — бошқарувни бошқа шахсларга, ёрдамчиларимга топшириш бўлганди, лекин улушдан воз кечиш талаби бўлмаганди», — деди шаҳар раҳбари.

У журналистларга шундай савол билан мурожаат қилган: «Агар менда Boeing’нинг акциялари бўлганида, нима деб ўйлайсиз, ҳоким бўлганимдан сўнг уларни сотиб юборишим керакмиди? Ёки Apple’нинг акциялари бўлганида-чи? Мен бу компания ишларини бошқармайман. Аммо ҳоким бўлгач, улушимни сотишим шартми?».

«Akfa — Ўзбекистондаги жуда йирик компания. Ўзбекистон жадал ривожланаётган бир вақтда Akfa компанияси четда жим қараб туришга ҳақли эмас. Бу Ўзбекистонда, Тошкентда ўз обрўсига, куч-қудратга эга, иқтисодий ривожланган компания. Мен бошқарувни ёрдамчиларимга топширганман», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. «Улар фойда оладими ёки зарар кўрадими, бунисини билмайман», — дея қўшимча қилди у.

Tashkent City ҳудудидаги конгресс-холл қурилишида Akfa Group тузилмасига кирувчи Akfa Dream World инвесторининг қатнашаётганига тўхталаркан, Жаҳонгир Ортиқхўжаев объект қуриб битказилгач, давлатга топширилишини қайд этиб ўтди.

«Президент таклифига мувофиқ Тошкентда йирик тадбиркорларни ўтказиш учун конгресс-холл ва меҳмонхона қуриш лозим эди. Akfa Dream World мана шу мажбуриятни ўзига олди. Бу бино (конгресс-холл) қуриб битказилгач, ҳукуматга топширилади. У даромад олиш манбаи сифатида ишлатилмайди», — дея маълум қилди пойтахт маъмурияти раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ўша вақтда Ўзбекистонда Tashkent City’дек кенг миқёсли лойиҳани ўз зиммасига ола биладиган компания йўқ эди.

«Давлат раҳбарининг таклифига кўра, Tashkent City’ни бошқаришни бошлаганимда (ҳоким этиб тайинланишдан аввал), қурилишни уч йил ичида якунлашим зарур эди. Мен 700 та инвестор билан учрашдим. Ҳеч бири рози бўлмади, чунки бу жой жозибали кўринмасди. Ҳеч бир компания бу лойиҳани уч йил ичида амалга ошириш мумкинлигига ишонмади», — деди ҳоким.

Шу боис ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаев «ўзи шахсан йирик маҳаллий компаниялар»га — Murad Buildings’га (4-лот), Real House’га (2-лот) мурожаат қилган. «Уларга бу жойнинг мафтункорлигини тушунтирдим. Қанчалик оғир бўлмасин, улар рози бўлди. Мен Ўзбекистонда мана шундай жасур тадбиркорлар кўпроқ бўлишини истардим. Бунинг учун ҳаммада ҳам имконият ва жасорат етишмайди», — деди Ортиқхўжаев.

«Бошқа инвесторларга тўхталадиган бўлсам, Family Group бор, у ҳам маҳаллий компания. Учта маҳаллий банк бор. Тан олай, бошида банклар ҳам ишонмади. Банкларга қатнаб, бошқарувлари билан гаплашиб, истиқболни тушунтирдим. Оқибатда уйлар бузилиб, одамлар кўчирилиб, янги бинолар қурилиши бошланганидан сўнг банклар ҳам жой олишни бошлади», — дейди ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, Tashkent City лойиҳасининг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратилган: «Барчага бир хил шарт-шароит қўйилган: 1 сотих — 20 минг доллар ёки 1 гектар — 2 миллион доллар. Ҳамма учун нарх бир хил».