Франция президенти Ўзбекистонга келиши мумкин

Франция президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан келишга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Франция президенти Парижда Биринчи жаҳон уруши якунланганига 100 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган маросимларда қатнашаётган Ўзбекистон делегациясига айтган, деб хабар беради Жаҳон АА.

10 ноябрь куни Парижда бўлиб ўтган маросимларда қатнашган Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилик қилган. Ушбу маросимларда 120 дан ортиқ давлат раҳбарлари ёки ҳукумат вакиллари иштирок этган.

Ўзбекистон делегацияси д’Орсе музейида ўтказилган тадбирда Эммануэль Макрон ва Ангела Меркел билан қисқа суҳбат олиб борган. Франция президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари амалга оширган давлат ташрифини юқори баҳолаган.

Германия канцлери билан учрашув чоғида Меркел Мирзиёевнинг ташрифига катта тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлаган. Шавкат Мирзиёев 2019 йил аввалида Германияга расмий ташриф билан бориши кутилмоқда.