Тошкентда икки ойлик чақалоқ эмлашдан кейин вафот этган. Прокуратура жиноий иш очди

Август ойида Тошкентнинг Сергели туманида икки ойлик чақалоқ стандарт вакцина олганидан кейин бир неча кун ўтиб вафот этган. Nuz.uz хабарига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш очган.

Маълум бўлишича, невропатолог шифокор кўригидан ўтгач, чақалоққа 24 август куни полиомие лит ва пневмококк инфекциясига қарши вакцина қилинган. Ўша куни кечқурун боланинг тана ҳарорати кўтарилган. 26 август куни эрталаб бола 3-сон шаҳар болалар клиник касалхонасига келиб тушган. Чақалоқда «ўпка синдроми ва бош мия шиши хавфи»ни аниқлашган. Зарур чоралар кўрила бошлаган, аммо эртаси куни боланинг аҳволи анча ёмонлашгач, ўпкаларни сунъий шамоллатиш аппаратига уланган.

28 август куни зарур тиббий ускуналар йўқлиги сабабли, бола Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган, бир кеча-кундуздан кейин бола шу ерда жонлантириш бўлимида вафот этган.

Прокуратура хабарида бола касалхонага оғир аҳволда келиб тушгани, навбатчи шифокор уни зарур бўлган ҳар уч соатда эмас, ҳар олти соатда кўздан кечиргани айтилади. Икки кун аввал аниқ клиник ташхис қўйилмаган, асосий лаборатория таҳлиллари учун биоматериал олинмаган, даволаш ўз вақтида тўғриланмаган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.