Вашингтонда Ўзбекистон мустақиллик куни муносабати билан қабул маросими бўлиб ўтди

Кеча Вашингтонда Жаҳон банкининг бош қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган расмий қабул маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Оқ уйда Президент Дональд Трампнинг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича маслаҳатчиси Лиза Куртис, АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари, элчи Элис Уэлс, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.

Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганидан сўнг тадбир очилди. Тадбирда элчи Жавлон Ваҳобов сўз олиб, барчага миннатдорлик билдирди. У ўтган даврда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. “Бугун биз озодмиз, одамлар ғурур билан келажакка боқмоқда”, деди у, жумладан.

Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати минтақада янги ишонч муҳитини яратганини қайд этди. У, шунингдек, АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганлигини мамнуният билан қайд этиб ўтди.

“Ўзбекистон ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Бу узоқ сафарнинг бошланиши”, деди у.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов эса америкалик шериклар билан самарали мулоқотлар олиб борганини, АҚШ тарафи Ўзбекистоннинг ривожланишига кўмак тайёрлигини қайд этиб ўтди. У, шунингдек, ватандошлар жамияти ҳам Ўзбекистонга ёрдам беришга ҳозирлигини эслатиб ўтган. Унинг айтишича, Отабек Назиров вазир ўринбосари этиб тайинланган илк АҚШ фуқаросидир.

“Президентимиз ўз олдига катта амбицияларни қўйган. Бу мамлакатимизни дунёнинг ривожланган мамлакталаридан қаторига олиб чиқишдир. Бунга фақат таълим инвестиция киритиш орқалигина эришиш мумкин”, деди у.

Унинг фикрича, Ўзбекистон билан амалга ошириладиган ташаббусларнинг муваффақиятли бўлишига Вебстер университети фаолияти мисол бўла олади.

Лиза Куртис ҳам Ўзбекистон тобора очилиб бораётганини қайд этди. Минтақавий сиёсатини олқишлаб, Афғонистонда тинчликни қарор топтиришда фаоллик кўрсатаётганини, темир йўл ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этаётганини эътироф этди.

Элчи Элис Уэлс эса икки мамлакат стратегик шерикчилигида янги босқич бошланганини қайд этди. Шавкат Мирзиёевнинг қўшнилар билан сиёсати минтақада ҳамкорликнинг янги қирраларини очаётганини эътироф этди.