АҚШда биринчи марта ўзбек киноижодкорларининг фильми премьераси бўлиб ўтди

«Исломхўжа» тарихий, бадиий-публисистик фильмининг навбатдаги премьераси АҚШнинг Вашингтон штатида бўлиб ўтди. «Исломхўжа» фильми АҚШда расман премьера қилинган илк ўзбек фильми бўлди. Бу ҳақда режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳамкорлигида АҚШ кино мактаблари, компания ҳамда кино ташкилотлари билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида бир ҳафтадан буён АҚШ давлатидамиз, — деди Жаҳонгир Аҳмедов Daryo.uz сайтига берган интервьюсида.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ташаббуси билан 1 октябрь куни АҚШнинг пойтахти Вашингтон шаҳрида жойлашган Уилсон халқаро марказида “Исломхўжа” тарихий, бадиий-публисистик фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.

Премьерада Вашингтондаги дипломатик корпус вакиллари, тадбиркорлар, киномутахасислар ҳамда адабиётчи ва журналистлар иштирок этишди. Бундан ташқари АҚШлик тадбиркорлар, элчихона билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган, юртимизга инвестиция киритиш мақсадида юрган тадбиркорлар ҳам премьерада иштирок этишди.

“Исломхўжа” фильми АҚШда расман премьера қилинган илк ўзбек фильми бўлди. Премьерадан сўнг киномутахасислар ва журналистларни қизиқтирган жуда кўплаб саволларга жавоб бериш учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Премьера ва матбуот анжуманидан сўнг, Вашингтонда жойлашган  Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Ўзбекистон делегациясини расман қабул қилдилар. Қабул жараёнида уч соатгача давом этиб, ўзбек киноси истиқболлари, АҚШ билан ҳамкорлик режалари ҳамда ўзбек киноижодкорларининг АҚШ давлатида таълим олиш масалалари ҳақида суҳбатлашдик.

“Исломхўжа” фильмининг премьерасида юртимизга, ўзбек киносига қизиқиш билдирган кинопродюсер ҳамда тадбиркорлар билан 3 октябрь куни музокоралар бўлиб ўтишини режалаштирганмиз.