Нью-Йоркда йўл кира: MetroCard афзалликлари

Йирик ва ривожланган мегаполислар сингари Нью-Йорк ягона транспорт тизимига эга. Бу тизим маҳаллий аҳолига ва шаҳар меҳмонларига “Катта олма” бўйлаб ҳаракатланишга қулайлик яратади. Бунда турли транспорт воситаларига ҳар хил чипталарни харид қилиш шарт бўлмайди. Tourister.ru сайтида Нью-Йорк транспорт тизими ҳақида батафсил маълумот берилган.

Нью-Йоркнинг транспорт тизими — MTA (Metropolitan Transportation Authority) нафақат Нью-Йорк шаҳрида, балки Нью-Йорк штатининг бир неча округларида ва Коннектикут штатининг айрим округларига жамоат транспорти хизматини кўрсатади. Нью-Йоркда жамоат транспорти ҳақида гап кетганда, хаёлимизга биринчи марта  метронинг ўргимчак тўридек станциялари келади.

Шуни айтиш керакки, 65 ёшдан ошган пенсионерлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар йўл ҳақи тўлашда 50 фоизлик имтиёздан фойдаланишлари мумкин. Бир тарафга чипта (Single Ride ticket) уч доллар туради ва фақат автоматларда сотилади.

MetroCard

Йўл ҳақи учун анча қулай ва фойдали йўли MetroCard орқали  тўлашдир. Ушбу карталарни автоматларда харид қилиш мумкин. Бошланғич баҳоси 10 доллар. Картага жами 5 доллардан 80 долларгача маблағ киритиш мумкин. Бунда метро ёки автобусда йўл кира ҳақи 2,75 долларга, экспресс-автобусда эса 6,50 долларга айланади. Бундан ташқари, йўловчи метродан автобусга ёки автобусдан автобусга бепул ўтиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, картага 10 доллар ва ундан кўпроқ маблағ киритилганда, йўловчи 7 фоиз миқдорида бонус олади.

Карталарни автоматлар ёрдамида ёки EasyPay орқали банк карталарига “бириктириб” қўйиш орқали тўлдириш мумкин. Шундай қилиб, метро бекатларига тушиш олдидан доимий равишда автоматларда картани тўлдириш зарурати қолмайди. Бунинг учун даставвал EasyPay сайтида аккаунт очиш, кейин эса йўриқномада кўзда тутилганидек иш тутиш лозим. Шуни унутмаслик лозимки, MetroCard’нинг амал қилиш муддати бор, у картанинг орти юқори қисмида кўрсатилган.

Лимитсиз (unlim) MetroCard’нинг бир нечта тури бор.

Етти кунлик лимитсиз pass — 32 доллар (чегирма билан 16 доллар);

ўттиз кунлик лимитсиз pass — 121 доллар (чегирма билан 60,50 доллар); Ушбу карта ўғирлик ва йўқотиб қўйиш ҳолатлари учун суғурта қилинган. Бунинг учун мазкур картани автоматдан банк картаси ёрдамида харид қилиш лозим бўлади.

Экспресс-автобусга етти кунлик лимитсиз пасс — 59,50 доллар (Чегирмасиз). Мазкур карта метро ва оддий автобусларда ҳам ўтади. У ҳам юқоридаги карта сингари суғурталанган.

Жон Ф. Кеннеди аэропортигача AirTrainга 30 кунлик лимитсиз пасс — 40 доллар (чегирмасиз). Бундан ташқари, AirTrain учун яна 10 марталик карта ҳам бор. Бир тарафга бориш учун йўл кира 5 доллар туради.

Метро

Нью-Йорк метрополитени, шубҳасиз, шаҳарда ҳаракатланишнинг энг яхши йўли ҳисобланади. Гарчи метро ифлос ва палапартиш туюлса-да, камдан-кам нью-йоркликларга бунинг аҳамияти бор. Чунки метро сутка давомида узоқ масофага ишлайдиган ишонли транспорт тизимидир.

Нью-Йорк метроси дунёда линиялар ва станциялар сони бўйича ҳам йириги ҳисобланади. Лекин йўловчи ташиш бўйича Токия метрополитени биринчи ўринда туради, у йилига 3,2 миллиард йўловчи ташийди, Шанхай метрополитени эса линиялар узунлиги бўйича, яъни 434 километрлик линияси билан пешқадамлик қилади.

Нью-Йорк метросининг ҳар бир бекати ё ҳарф ёки рақам билан аниқланади. Метронинг рангига эътибор берманг. Йўқса, адашиб қолиш эҳтимоли жуда юқори.

Манхэттенда қарийб барча линиялар шимол ёки жанубга ўтади, йўналиш эса платформалар ёки поезд йўлга чиқаётгандаги эълонларда ҳар доим аниқ кўрсатилади. Умуман, “Бронкс йўналиши” ва “Куинс йўналиши” шимолий йўналиш (“Аптаун”) билан бир хилдир. Айни пайтда “Бруклин йўнилиши” жанубий (“Даунтаун”) йўналишини англатади. Станция киришда ҳам йўанлишлар (Мисол учун, “Аптаун, Бронкс ва Куинс” ёки “Даунтаун ва Бруклин”) кўрсатилади.  Шу сабабли ҳам станцияга тушаётганда эътиборлироқ бўлинг. Агар йўналиш кўрсатилмаган бўлса, ушбу станциядан шимолий йўналиш учун ҳам, жанубий йўналиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.

Автобус

Нью-Йоркда метро қатнамайдиган йўналишларда ҳамда метро йўналишида ҳам яхши транспорт хизматини кўрсатадиган кўплаб турли автобус линиялари мавжуд. Автобус линиялари ҳарф билан идентификация қилинади, улардан сўнг рақамлар келади. Ҳарфлар автобус асосан кўпроқ юрадиган туманни англатади (М — Манхэттен; Bx — Bronx; B—Бруклин; Q— Куинс;  S — Статен-Айленд).  Ҳар бир туман учун автобуслар харитасини MTA сайтидан топиш мумкин.

Ҳатто Манхэттенда метро анча ривожланган бўлса-да, автобуслар ғарбдан шарққа ёки тескарисига ҳаракатланмоқчи бўлсангиз энг яхши трансорт воситаси саналади.

Шуни унутмаслик керакки, MetroCard автобусда метродагидан бошқачароқ ишлатилади. Масалан, метрода картани тиқмайсиз, балки горизонтал ҳолатда махсус қурилмада “юргизиб оласиз”. Тариф аппаратлари тангаларини қабул қилади, қоғоз пулларни эса йўқ. Улар аппаратда ҳисоблаш учун мўлжалланмаган. Ҳайдовчи хавфсизлик нуқтаи назаридан тўловлар билан шуғулланмайди, автомат қайтим бермайди, шунинг учун ёнингизда танга олиб юришингиз керак. Тариф аппаратлари барча тангаларни (долларлик тангаларни ҳам) қабул қилади, бунда бир центли тангалар мустасно. Кам тарқалган 50 центлик тангаларни ҳам ишлатиш мумкин эмас, тариф аппаратларида танга қабул қиладиган “тешик” унақа катта эмас.