Ўзбекистон адлия ходимлари АҚШнинг юридик фирмаларида стажировка ўтайди

    Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов Америка юристлари ассоциацияси (ABA) президенти Р.Карлсон билан учрашди. 

    Адлия вазирлигида бўлиб ўтган мулоқот чоғида томонлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қоидаларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш хусусида фикр алмашди.

    Келгусида Ўзбекистонда адвокатлар институти ва юридик таълим тизимини ривожлантириш, шунингдек, қўшма тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, жумладан, адлия органлари ходимларининг бошқа юридик фирмаларда стажировка ўташи соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

    Р.Карлсон Адлия вазирлиги фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти учун миннатдорлик изҳор қилди. У мамлакатда қонун устуворлиги, адлия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгариш ва ислоҳотларни алоҳида қайд этди.

    Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ABA президенти Р.Карлсоннинг Бош прокуратура, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Судьялар олий кенгаши, Адвокатлар палатаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Тошкент давлат юридик университети раҳбарияти билан учрашувлари ташкил этилди.

    Маълумот учун: ABA АҚШнинг йирик ва нуфузли жамоат ташкилоти ҳисобланади. 400 мингдан зиёд амалиёт ўтаётган юристлар, судьялар, давлат прокурорлари, адвокатлари, нотариуслари, илмий доира ва бошқа юридик касб вакиллари ассоциация аъзолари ҳисобланади.

    АҚШда юридик таълимни мувофиқлаштиришда ABAга бошқарув роли юклатилган. Чунки ассоциация олий юридик таълим муассасаларини мажбурий аккредитациядан ўтказади, юридик таълим мезонларини тасдиқлайди ва унга асосий талабларни ўрнатади.