Ўзбекистонда хусусий олийгоҳлар диплом сотиши, ўқишни енгил-елпи ташкил этишига йўл қўйилмайди

    Ўзбекистонда таълим соҳасида очилмаган, янги истиқболларга олийгоҳларни ташкил этиш орқали этишиш мумкин. Масалан, Akfa университет хусусий мулк асосида очилиши кутилаётган илк университетлардан бири бўлади ва биз бундай ўзгаришларга ижобий қараймиз, дейди Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов.

    Kun.uz сайтининг ёзишича, 17 октябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида ташкил этилган матбуот анжуманида «Ўзбекистон— Россия таълим форуми» ташкилотчилари кутилаётган натижалар ва режадаги ишлар ҳақида маълумот бериб, журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

    Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов мамлакатдаги таълим ислоҳоти аллақачон бошланганига урғу бериб, бу йўналишда хусусий мулк асосида ташкил этиладиган университетлар фақат яхши натижаларга ундашини таъкидлади.

    «Гап шундаки, ана шу хусусий олийгоҳлар бир нарса унутмаслиги лозим: таълим сифати ва қабул қилинган стандартларга мувофиқ кадрлар тайёрлаш шарт. Диплом сотиш, енгил-елпи ўқишни ташкил этиш ўтмайди. Хусусий мулк асосида ташкил этилган университет яна бошқа шаклда фаолият юритиши мумкин, масалан, номдор хорижий олийгоҳнинг Ўзбекистонда филиалини ташкил этиш ва шу орқали хусусий олийгоҳга асос солиш мумкин», дейди маслаҳатчи.

    2017 йилда ўқиш истагини билдирган абитуриентларнинг фақат 9 фоизи талаба бўлиш бахтига эришган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда кескин ошди. Маълум қилинишича, 100 мингдан ортиқ ёш бу йил талаба бўлди, шунингдек, таълимнинг турли шакллари жорий этилди. Бундан ташқари ёшларни олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичини яхшилаш учун олийгоҳларнинг филиаллари ташкил этилмоқда.

    «Бироқ, мақсад – барчани бирдан олийгоҳ таълимига қамраб олиш эмас, балки Ўзбекистон ривожи учун зарур кадр ва мутахассисларни тайёрлаш. Амалда тармоқларга иш излаб борган ОТМ битирувчиларининг барчаси ишни бирдек эплаб кетолмаяпти. Демак, сифат ва сон мутаносиб ўсиб боришига ҳам эътибор қаратамиз», дейди у.

    Абдувоҳитовнинг айтишича, олийгоҳларнинг ўқитиш методологиясида технологиялардан фойдаланиш наф бермаяпти. Негаки, ОТМ ва иш берувчининг технологияси бир-биридан тубдан фарқ қилади, битирувчилар ишни бирдан бошлай олмаслиги ана шу омил билан ҳам боғлиқ.