Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 15,8 млрд. долларни ташкил этди

    2018 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси умумий ташқи қарзининг ҳажми, 2018 йилнинг боши билан таққослаганда бироз 0,02% га ёки 3,4 млн. долларга кўпайган ҳолда, 15,8 млрд. долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг махсус ҳисоботида маълум қилинган.

    Унга кўра, умумий ташқи қарз ўзгаришининг таҳлили 2012-2015 йиллар давомида ҳам давлат, ҳам хусусий секторда қарздорликнинг ўсиши кузатилганлигини кўрсатди. Бироқ 2016 йилдан бошлаб ташқи сектор томонидан ташқи қарзнинг сўндирилиши унинг жалб қилинишидан юқори бўлмоқда, давлат қарзи эса ўсиш динамикасини сақлаб қолмоқда, бу давлат мақсадли дастурлари ва лойиҳалари учун янги ташқи қарз олишларни жалб қилиш билан изоҳланади.

    Яқин йилларда ташқи қарз бўйича энг катта тўловлар кейинги, яъни 2019 йил ҳисобига тўғри келади. Келгуси йилда Ўзбекистон ҳукумати ва резидентлари ташқи кредиторларга қарийб 1,3 млрд.доллар қайтариши керак.

    Шу пайтгача айтилмаган, лекин илк бора очиқланаётган маълумот: туристик маҳсулотлар импорти туризм экспортидан қарийб 3 баробар зиёд. Бу Ўзбекистонга келаётган туристлар қолдираётган маблағ ўзбекистонликлар четга чиққанда қолдираётган маблағдан уч карра кам дегани.

    Олтиннинг ҳозирги нархларини инобатга олганда (нархлар анча пасайган ва пасайишда давом этмоқда), биринчи ва иккинчи чоракда катта миқдорда олтин сотилиши фавқулодда ақлли қарор бўлган.