Ўзбекистонда чет элга ишлаш учун юборадиган хусусий агентликлар захирага 50 минг доллар маблағ қўяди

    2018 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

    Тадбирда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

    Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 6 сентябрь куни қабул қилинган мазкур Қонун Ўзбекистон фуқароларини ҳам мамлакатимиз корхоналарида, ҳам хорижда ишга жойлаштириш имкониятини ошириш ва кенгайтиришга, давлат хизматлари ва хусусий сектор томонидан бандликка кўмаклашиш механизмларини аниқ тартибга солишга, ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартларини, шу жумладан хусусий бандлик агентликларининг, корхоналарнинг ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беришга қаратилган.

    Қонунда «хусусий бандлик агентликлари» тушунчаси очиб берилмоқда, хусусий бандлик агентликлари ходимлари сонига ва уларнинг раҳбарларига талаблар қўйилмоқда.

    Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда хусусий бандлик агентликлари томонидан шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар турларининг тўлиқ рўйхати келтирилмоқда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш, иш берувчилар учун кадрлар танлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш, ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш бўйича хусусий бандлик агентликлари томонидан тақдим этиладиган хизмат турларининг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.

    Қонунда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий бандлик агентликларида лицензия бўлиши зарурлиги назарда тутилмоқда, шунингдек мазкур хизматларни кўрсатувчи хусусий бандлик агентликларининг Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағларини захира қилиб қўйиш мажбурияти жорий этилмоқда.

    Қонун муҳокамасида ишчи гуруҳ аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.