АҚШ Ўзбекистоннинг ташқи савдосида 10-ўринни эгаллади

    2018 йил январь-август ойлари якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 20,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,5 %га ўсди. Шу жумладан, экспорт ҳажми 8,6 млрд. АҚШ долларга (ўсиш суръати 4,4 %) ва импорт ҳажми 12,0 млрд. АҚШ долларига (ўсиш суръати 31,2 %) етди. Ташқи савдо сальдоси минус 3,4 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

    2018 йил январь-август ойларида республика ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга давлатлар кетма-кетлиги жорий йилнинг январь-июль ойларига нисбатан деярли ўзгаришсиз қолди. Республикада ташқи савдони қўллаб-қувватлаш ҳамда МДҲ давлатлари билан ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил январь-август ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 % ошди ва 38,8 % га етди.

    Бошқа хорижий давлатларнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2017 йилнинг январь-август ойларида 66,8 %ни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида эса ташқи савдо айланмаси 61,2 %га тушди.

    2018 йил январь-август ойларида экспорт ҳажми 8,6 млрд. АҚШ долларга (ўсиш суръати 4,4%) тенг бўлди. Экспорт таркибида товарлар 76,9 % улушга эга, булар асосан энергия манбаалари ва нефть маҳсулотлари (20,4%), озиқ-овқат маҳсулотлари (8,6 %), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (7,2 %) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

    Республика ташқи савдо амалиётида АҚШнинг улуши 1,4 фоизни ташкил қилган. У бу кўрсаткич билан 10-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон АҚШдан 276,8 миллион долларлик импорт амалиётларини бажарган бўлса, 19,9 миллион долларлик экспорт қилган.