Ўзбекистонда ишлаётган пенсионерларга пенсия тўлиқ ҳажмда тўланади

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси порталига Президентнинг «Фуқаролар пенсия таъминоти тизимининг ижтимоий адолатлилигини ва самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, 2018 йилнинг 1 октябридан барча ишлаётган пенсионерларга пенсия тўлиқ ҳажмда тўланади.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 1 январидан пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган энг юқори иш ҳақи миқдори энг кам иш ҳақининг 8 бараваридан 10 бараварига оширилади.

Шунингдек, кейинги йил бошига қадар энг юқори иш ҳақи ўсиши ҳисобида пенсия миқдори қайта ҳисоблаб чиқилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаётган пенсионерлар, айрим имтиёзли тоифалардан ташқари, белгиланган нафақа миқдоридан 50 фоизини олишади.

Kun.uz сайтининг эслатишича, имтиёзли тоифадаги нафақахўрларга I ва II гуруҳ ногиронлари, Чернобил ногиронлари, маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари, диний таълим соҳасида ишлаётган аёллар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши иш иштирокчилари ва меҳнат ветеранлари киради.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги «Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг айрим тоифаларига қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра пенсиясини тўлиқ оладиган нафақахўрлар доираси кенгайтирилганди. Яъни, фахрий унвонларга эга меҳнат қилувчи пенсионерлар эндиликда нафақа пулини тўлиқ миқдорда олиши белгиланганди.