Ўзбекистонда абитуриентларга бирданига бир нечта таълим муассасаларига ўқишга кириш учун рухсат берилади

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул қилиш учун квоталар белгиланмайди. Бу 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясида белгиланган.

Унда қайд этилишича, 2019 йил 1 апрелга қадар талабаларни олий ўқув юртларига тўлов-контракт асосда қабул қилиш учун квоталарни босқичма-босқич бекор қилишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилади.

Ҳужжатга кўра, олий ўқув юртларига таълим муассасасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда талабаларни қабул қилиш учун квоталарни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи берилади.

Яна бир муҳим янгиликка – абитуриентларга бирданига бир нечта таълим муассасаларига ўқишга кириш учун рухсат берилиши мумкин.

Кутилишича, мамлакатда янги олий ўқув юртлари, жумладан, хорижий ва нодавлат ОТМни ташкил этиш ҳисобидан олий таълимга қамраб олиш даражаси анча юқорилайди.

Бундан ташқари, касб ҳунар таълими меҳнат бозори талабларига мослаштирилади. Масалан, қайта тайёрлашга муҳтож ёшлар учун коллежларда махсус ўқув курслари очилади.

Бундан ташқари, ҳукумат университетларни ижобий маънода сифатли илмий тадқиқотлар билан шуғулланишга “мажбур қилмоқчи”.  Истиқболда олий таълим муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш янги тамойиллар асосида амалга оширилади.

Масалан, қанча илмий мақола чоп этилди, улардан кимдир цитата қилаяптими —  иқтибос келтириш индексига қаралади. Бундан ташқари, ўша университут профессору докторлари халқаро конференциялар ва семинарларда иштирок этаяптими, университет охирги бир йилда қанча патент олди — булар ҳам индикаторга айланади. Айнан шу тамойиллар асосида энг фаол олий таълим муассасалари давлат томонидан қўллаб-қувватланади.