АҚШ Ўзбекистонга қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишга кўмаклашади

АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Марказий Осиё мамлакатларига соф, самарали, камхарж бўлган қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштиришга ёрдам берувчи дастурни ишга туширди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси хабар берди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилган «Келажак энергияси» дастури ушбу соҳадаги сиёсий, норматив-ҳуқуқий, техник ва молиявий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда минтақада тоза энергияга инвестициялар киритиш муҳитини такомиллаштириш мақсадида миллий ҳукуматларга кўмак беради ва донорлар хамда бошқа муҳим манфаатдор томонлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишни кўзда тутади.

Ўзбекистон ҳукумати қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишни 2017-2021 йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон ривожланишининг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси доирасида устувор йўналиш деб белгилади. Ўтган йили Ўзбекистон келгуси бир неча йиллар давомида қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадида давлат дастури қабул қилди ва гидроэнергетика, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш учун инвестиция йўналтириш ва сезиларли миқдорда маблағлар ажратишни режалаштирмоқда.

Дастурнинг ишга тушишига бағишланган бугунги маросим «Марказий Осиёда қайта тикланадиган энергия манбаларини қўллаш орқали электр энергия секторини ривожлантириш» мавзуси остидаги икки кунлик халқаро конференцияни очиб берди. Конференцияда иштирок этиш учун Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон республикаларидан олимлар, академиклар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадқиқот марказлари ва институтлари вакиллари келиб, қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги илғор технологиялар ва амалиётларга оид янгиликлар билан танишдилар ва ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гэри Роббинс, Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигининг энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Аҳмедов ҳамроҳлигида шундай деди: «Дунё бўйлаб қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш катта хажмда ўсиб боряпти. Фақатгина 2016 йилда 161 гигаватт қувватига эга ускуналар ўрнатилган. Бу ўсиш қайта тикланадиган энергия соҳасида ҳажм ҳисобига эришиладиган тежамкорликка олиб келади ва нафақат электр энергиясининг анъанавий шакллари билан рақобатдош бўлишига, балки иқтисодий ўсиш ва иш ўринларини яратишга ҳам сабаб бўлади».