ACCELS Ўзбекистонга яна қайтди

2018 йил 29 август куни Адлия вазирлигида адлия вазири ўринбосари А.Ташкуловнинг Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномани тантанали топшириш тадбирига иштирок этиш учун келган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси П.Спартлен билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар тарқатди.

Маълумки, 2018 йил 15-18 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев АҚШга расмий ташриф буюрди.
Ташриф чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трамп билан тор ва кенг доирада ўтказилган музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши билан бирга келгусида икки давлатлар ўртасида таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишда муносиб ҳисса қўшишга қаратилган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда ташкил этилиши ижобий қабул қилинди. Ўз навбатида мазкур масала бўйича АҚШ президенти Д.Трамп Ўзбекистонда инглиз тилилини ўқитиш бўйича дастурларни амалга оширишда АҚШ томонидан яқиндан амалий ёрдам берилиши ҳақида ишонтирган.

Уставга мувофиқ ушбу ташкилотнинг асосий мақсади:

Америка Қўшма Штатлари фуқаролари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ва якдилликни мустаҳкамлаш;

Талабалар, магистрантлар ва ўқитувчилар учун халқаро таълим алмашинувлари ва амалиётларини ташкил этиш;

Америка таълими дастурлари бўйича тадбиркорлик, инновацион технологияларга бевосита алоқадар бўлган мутахассисларни жалб этган ҳолда университетларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамалашга қаратилган дастурларни амалга ошириш;

П.Спартлен Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида юқори даражада йўлга қўйилган ҳамкорликни эътироф этиб, унинг мамлакатига буюрилган олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган ҳамма келишувлар сўзсиз амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидлаб, ваколатхонанинг рўйхатдан ўтказишида кўрсатилган кўмак учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шу билан бирга тадбир жараёнида иштирок этган ваколатхона ишончли вакиллари томонидан келгусида Ваколатхонанинг фаолияти икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим соҳасида самарали ҳуқуқий асос яратиши таъкидланди.