Шавкат Мирзиёев: “Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон, хусусан, Наманган деганда кўзи ёниб туради”

Наманганнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш юзасидан USM Holdings асосчиси Алишер Усмоновга таклиф берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Норин туман ҳокимлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Daryo.uz сайти ёзишича, йиғилишда туманлар вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда Республика Маънавият ва маърифат маркази Янгиқўрғон туман бўлинмаси рахбари Исмоил Мамажонов сўзга чиқиб, туманнинг Нанай, Заркент, Поромон ва бошқа қишлоқлари ўзининг сўлим табиати билан машҳур эканлиги, бироқ ҳозирда бу манзилларда жойлашган дам олиш масканлари, болалар оромгоҳлари қаровсиз ҳолга келганлигини маълум қилди. Бу ҳудудларга олиб борувчи йўлда пост жойлашгани муайян қийинчиликлар туғдираётганини билдирди.

— Жуда ўринли таклиф бўлди, буни қўллаб-қувватлаймиз. Бу таклифни Алишер Усмоновга ҳам етказамиз. У кишининг Ўзбекистон, хусусан, Наманган деганда кўзи ёниб туради, — деди давлат раҳбари.