АҚШ суди Бахтиёр Жумаевни терроризм билан боғлиқ жиноятда айбдор деб топди

Америка федерал суди душанба куни ўзбекистонлик қочоқни терроризмга оид иккита модда билан, жумладан, Ислом жиҳод иттифоқи террористик ташкилотига ёрдам берганлиги учун айбдор деб топди. Бу ҳақида Denverpost нашри ёзади.

Бахтиёр Жумаевга нисбатан ҳукм шу йилнинг 18 июль куни Денвер туман судида ўқилади.

Суд маслаҳатчилари АҚШ прокуратураси томонидан қўйилган айбловга, яъни Бахтиёр Жумаев Ислом жиҳод иттифоқи террористик ташкилоти вакиллари билан кодли сўзлар орқали мулоқот қилгани ҳамда уларга 300 долларга ўтказиб бергани ҳақидаги айбловларга ишонди. Аммо Жумаевнинг адвокати Дэвид Барри Савиц мижози шунчаки дўстига қарзини қайтармоқчи бўлганини таъкидлади. Жумаевнинг иши бўйича суд иши 22 март куни бошланган эди. Прокурорларга кўра, Бахтиёр Жумаев террористик ташкилотга моддий ёрдам берган ва уларга қўшилишни ният қилган.

Прокуратура томонидан келтирилган далилларда қайд этилишича, Жумаев яна бир ўзбекистонлик айбланувчи Жамшид Мухторовга 2011 йилнинг баҳорида террористик гуруҳ учун камида 300 долларга ўтказиб берган. Бахтиёр Жумаев Федерал тергов бюроси агентлари билан 2012 йилнинг 15 март куни бўлиб ўтган суҳбатда маблағни Мухторовга Ислом жиҳод иттифоқи террористик ташкилотини қўллаб-қувватлаш учун берганини тан олган.

Адвокат Савиц эса ўз навбатида Федерал тергов бюроси агентлари Жумаевдан ноқонуний йўллар билан айбини тан олишга мажбур қилишган. У иш сменани тугатгач, қўлга олади ва жуда қўрқиб кетади, уч соат давомида босим остида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Филадельфияда муддати ўтиб кетган виза билан истиқомат қилаётган Бахтиёр Жумаев Чикаго аэропортида ҳибсга олинган Жамшид Мухторов билан ҳамкорлик қилганлиги бўйича далиллар асосида қўлга олинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Жамшид Мухторов тегишли хорижий террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш ва бундай кўмакни кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланаётган эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бахтиёр Жумаев қароргоҳи Покистонда жойлашган Исломий Жиҳод Иттифоқи экстремистик ташкилоти сафида жангари бўлишга ҳозирланган ҳамда “у террорчилар билан бирга курашиш ҳамда зарур бўлса, ўз ҳаётини қурбон қилиш” мақсадида йўлга отланган Жамшид Мухторов билан яқиндан таниш бўлган ва у билан ҳамфикр бўлган. У Жамшид Мухторовга берган 300 доллари АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларида шубҳа уйғотган ва шу асосда у ҳисбга олинган эди. Айни пайтда Жумаев дўстига шунчаки қарзини қайтарганини маълум қилган эди.

Жумаев ва Мухторов ишларининг мураккаблиги боис суд жараёни ойлаб давом этиши мумкинлиги тахмин қилинган эди.

Суд жараёнида бешта тилда, жумладан, араб, рус ва тожик тилларида таржимонлар хизматидан фойдаланилган.