Президент фармони: Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси фаолиятида “иқтисодий дипломатия” устувор ўринга чиқади

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонда Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини таҳлил қилиш, биринчи навбатда, давлатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасида қўйилган вазифаларни самарали бажаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор жиддий муаммолар мавжудлиги тилга олинган. Хусусан:

биринчидан, амалдаги норматив-ҳуқуқий база дипломатик хизматнинг барча масалаларини тўлиқ тартибга солмайди, тўпланган ҳуқуқий ва амалий тажрибани тўлиқ акс эттирмайди, шунингдек, замон талабларига мос келмайди;

иккинчидан, ташқи сиёсий идоранинг ташкилий-штат тузилмаси ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий соҳалардаги стратегик вазифаларни ҳал этиш учун мавжуд ресурсларни самарали сафарбар қилишга йўналтирилмаган;

учинчидан, давлат органларининг Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигининг, шунингдек, хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида самарали ва мувофиқлаштирилган ишларни олиб боришнинг аниқ белгиланган механизмлари мавжуд эмас;

тўртинчидан, ташқи сиёсий идоранинг ишларини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ва режалаштириш қисман амалга оширилмоқда, ташқи сиёсатнинг устуворлиги бўйича ишлаб чиқилаётган таклифлар мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш масалаларини лозим даражада ҳисобга олмаяпти;

бешинчидан, мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ва республиканинг халқаро ташаббуслари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилиш ишлари суст ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ижобий имиджини яратиш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш вазифалари самарали бажарилишига тўсқинлик қилмоқда;

олтинчидан, консуллик муассасалари фаолиятида кўрсатилаётган давлат хизматларининг тезкорлик ва сифат даражаси, Ўзбекистоннинг хориждаги жисмоний ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатиш даражаси қониқарсиз аҳволда қолмоқда;

еттинчидан, хориждаги ватандошларимиз билан тизимли мулоқот йўлга қўйилмаган, республикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳа ҳамда дастурларни амалга оширишда уларнинг салоҳиятидан фойдаланилмаяпти;

саккизинчидан, кадрлар сиёсатининг самарасизлиги, шунингдек, ташқи сиёсий идора ходимларининг моддий рағбатлантирилиши ва ижтимоий ҳимояланишининг паст даражада эканлиги юқори малакали дипломатик таркибни шакллантириш имкониятларини сезиларли даражада чекламоқда, дипломатик хизматнинг обрўсини туширмоқда ва малакали мутахассисларнинг соҳани тарк этишига сабаб бўлмоқда;

тўққизинчидан, илғор ахборот-коммуникация технологияларининг етарли даражада жорий этилмаслиги устувор вазифаларни ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда, тезкор ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий муносабат билдиришни, шунингдек, “рақамли дипломатия” воситаларини ривожлантириш имконини бермаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси вазифаларига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини ислоҳ этишнинг энг муҳим йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

биринчидан, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолияти ва ташкилий-штат тузилмасининг норматив-ҳуқуқий асосларини “иқтисодий дипломатия”ни ривожлантиришга урғу берган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;

иккинчидан, республиканинг ягона ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишда Ташқи ишлар вазирлигининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш, шунингдек, тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу йўналишдаги вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаб қўйиш ва ажратиш;

учинчидан, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолиятига мамлакатимиз маҳсулотлари, ишлари (хизматлари) экспортини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, инвестициялар, илғор технологиялар ва туристлар оқимини мамлакатга жалб этишга йўналтирилган янгича ёндашув ва усулларни жорий этиш;

тўртинчидан, энг аввало, миллий ва хорижий экспертлар жамоалари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва илмий доиралар билан мунтазам ҳамда мақсадли ахборот алмашиш ишларини кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг ижобий халқаро нуфузини шакллантиришда “оммавий дипломатия” воситаларини фаол қўллаш;

бешинчидан, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалда ҳимоя қилинишини таъминлаш механизмларини шакллантириш ва амалга ошириш, хориждаги ватандошларимиз билан ҳар томонлама мулоқотни қўллаб-қувватлаш, уларни савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга фаол жалб қилиш;

олтинчидан, ички идоравий режалаштириш ва назорат қилишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, ҳисобот бериш тартиби ва шаклларини соддалаштириш, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини шакллантириш;

еттинчидан, дипломатик кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ротациясини таъминлаш ҳамда истиқболли захирасини шакллантиришнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш орқали Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида кадрлар сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш;

саккизинчидан, дипломатик хизмат органлари ходимларининг моддий рағбатлантирилиши ва ижтимоий ҳимоя қилинишини яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитларни яратиш;

тўққизинчидан, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, глобал ахборот майдонида мамлакатимиз манфаатларини илгари суриш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш орқали Ташқи ишлар вазирлиги тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида:

а) Ташқи иқтисодий ҳамкорлик бош бошқармаси ва унинг тузилмасига кирувчи:

Хорижий инвестициялар ва молиявий-техникавий кўмак воситаларини жалб қилиш бошқармаси;

Экспорт ва ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш бошқармаси;

Ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси;

Туризмни ривожлантириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бошқармаси;

б) Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати негизида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси;

в) Консуллик бошқармаси негизида Консуллик-ҳуқуқ департаменти;

г) Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими;

д) Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ва унинг таркибида Мурожаатларни қабул қилиш сектори (call-center);

е) Дипломатик сервис хизмати негизида Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси;

ж) “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида “Дунё” ахборот агентлиги
ва Медиа-марказ;

з) Таржимонлар бюроси;

и) Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази негизида Таҳлил
ва прогнозлаштириш маркази;

к) Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Хорижда стипендиантларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунадиган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази сифатида қайта ташкил этилади.

Фармонга кўра, дипломатик ваколатхона раҳбари ўзи ишлаб турган давлатда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлни самарали давом эттириш, мамлакат манфаатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикасининг олий расмий вакили ҳисобланади;

Олий маълумотга эга бўлган, давлат ва чет тилларини яхши биладиган, тегишли ишбилармонлик, маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган, шунингдек, тарих, маданият соҳаларини, миллий анъаналар ва урф-одатларни, Ўзбекистон Республикасидаги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини чуқур биладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси дипломатик ваколатхона раҳбари бўлиши мумкин.

Ўзлари ишлаб турган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ходимлари ва давлат органлари расмий вакиллари идоравий мансублиги ва ҳисобдорлигидан қатъий назар, дипломатик ваколатхонанинг раҳбарига сўзсиз бўйсунади ва зиммасидаги вазифаларни бажаришда ўз фаолиятини у билан мувофиқлаштиради.

“Дипломатик хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлар лойиҳалари тайёрланади.

Ишлаб турилган мамлакатда юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазиятни, товарлар, ишлар (хизматлар) қиймати индексациясини, шунингдек, валюта курсининг ўзгарувчанлигини ўрганиш асосида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари ходимларининг иш ҳақлари оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларига узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган ходимларнинг лавозим маошлари миқдорларини беш йилда камида бир марта қайта кўриб чиқиш амалиёти жорий қилинади.

2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий шериклар ўртасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ўрта ва узоқ муддатли манфаатларига асосланган икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Ташки сиёсий концепцияси (янги таҳрири) лойиҳаси тайёрланади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Унда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда таълим сифатини ошириш, шунингдек, мамлакатнинг замонавий ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Университет фаолиятининг долзарб вазифалари ва йўналишларини қайта кўриб чиқиш;

манфаатдор идораларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалиётда талаб қилинадиган мутахассисларнинг аниқ мақсадни кўзлаб тайёрланишини таъминлаш, шунингдек, улар орасидан дипломатик кадрларнинг истиқболли захирасини шакллантириш мақсадида бакалавриатда ўқиш муддатини ва бакалавриатга қабул қилиш квоталарини камайтириш;

“Халқаро иқтисодиёт ва менежмент” ҳамда “Халқаро журналистика” мутахассисликлари бўйича бакалаврлар тайёрлашнинг янги йўналишларини жорий қилиш;

Университетда хорижий мамлакатлар делегацияларига хизмат кўрсатиш ва расмий тадбирлар ўтказишни юқори ташкилий даражада таъминлайдиган профессионал таржимон ва гидларни тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;

хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини прогноз баҳолаш билан фундаментал илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини тизимли таҳлил қилишда Университетнинг ролини кучайтириш кўзда тутилади.