Ташқи ишлар вазирлиги таркибида хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими ташкил этилди

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унда хориждаги ватандошларимиз билан тизимли мулоқот йўлга қўйилмагани, республикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳа ҳамда дастурларни амалга оширишда уларнинг салоҳиятидан фойдаланилмаётгани кескин танқид қилинди.

Фармонга биноан, хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими ташкил этилди. Шунингдек, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалда ҳимоя қилинишини таъминлаш механизмларини шакллантириш ва амалга ошириш, хориждаги ватандошларимиз билан ҳар томонлама мулоқотни қўллаб-қувватлаш, уларни савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга фаол жалб қилиш вазифаси юклатилди.

Хорижда стипендиантларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунадиган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази сифатида қайта ташкил этилади.