Президентга “ўтириб ишлайдиган” ҳокимлар керак эмас. Тошкент шаҳар ҳокимлигига тадбиркор тайинланди

2018 йил 26 апрель куни 15:00да Тошкент шаҳар ҳокимлигида бош вазир иштирокида навбатдан ташқари 35-сессияда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига Артикходжаев Жахонгир Абидовичнинг номзоди кўрсатилди. Депутатлар ушбу номзодни бир овозда тасдиқлашди. Артикходжаев Жахонгир Абидович Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.

Артикходжаев Жахонгир Абидович 1975 йил 2 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. 1991-1996 йй. Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Мутахассислиги иқтисодчи. 2015 йил “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Тошкент шаҳри “Артел Инжиниринг” масъулияти чекланган жамияти директори лавозимида ишлаб келган.

Шу куни Президент қарори билан 2012 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган Раҳмонбек Усмонов ўз вазифасидан озод этилди. У Ўзбекистон Автомобиль транспорти агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Маълумот учун, Раҳмонбек Усмонов 1960 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. 1982 йил Тошкент Автомобиль йўллари институтини тамомлаган.

Kun.uz сайтининг президент иштирокидаги селектордан хабар беришича, давлат раҳбари Тошкент шаҳри ҳокими этиб кимни тайинлаганидан хулоса қилишга чақирган. «Муносиб одамлар кўп, оддий, ватанпарвар, ҳисоб-китобни биладиган, янгиликка интиладиган… Битта кафолат – халқимизни рози қилиш. Қандай қилиб? Ҳар куни ташаббус, изланиш, интилиш керак. Ўтириб, кўзбўямачилик учун қилинган ишлар керак эмас.

Тошкент шаҳридаги туманлар ҳокимлари, раҳбарлар хориждан 1 млн доллардан инвестиция олиб келмаса, менга ундайлар керак эмас. Ҳаммани бўшатаман. Яна 6 ой кўрамиз, бўлмаса Тошкентда битта шаҳар ҳокими қолади, 11 ёрдамчи бўлади. Солиқ, милиция, прокурор, ҳаммасини қисқартириб ташлайман. Яна бир марта айтаман: олти ой чидайман. Олти ойни ичида ўзгариш бўлмаса, ҳаммасини ёпамиз, битта Тошкент шаҳар ҳокими ва 11 ёрдамчиси бўлади. ИИБ ҳам, прокурор ҳам, солиқ ҳам бўлмайди. Бу ўзгаришлар бекорга бўлмаяпти. Аравани торта олмаяпсизлар, ҳозирги замонга муносиб бўла олмаяпсизлар.

Тошкент шаҳридаги ҳамма раҳбарлар билсин: ҳаммангизлар Хоразмга ўхшаб вақтинчалик ишлаётганлар. Шунча вақтдан бери Тошкент бўйича чидадим, лекин энди чидай олмайман. Тошкентнинг бундай тошбақа қадамлари билан шаҳар халқини муносиб турмуш даражасига кўтара олмаймиз. Шунинг учун бундай ўзгаришларни қилишга мажбур бўлдим”, – деган Шавкат Мирзиёев.