Тожикистон қарийб 10 йил ўтиб яна Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бера бошлади

Шу йилнинг 2 апрель куни Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш йўлга қўйилди, дея хабар қилди «Ховар» Тожикистон миллий ахборот агентлиги.

Газета.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистон 2009 йилда Марказий Осиё ягона энергия тизимидан чиққанидан сўнг қўшни давлат чегарадош ҳудудларида электр энергияси алмашиш тизимида узилишлар юзага келган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9−10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи чоғида ўзаро электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги келишув имзоланган эди.

Аввалроқ «Ўзбекэнерго» компанияси Тожикистон Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги билан 2018 йил вегетация даврида 1,5 млрд кВт.с ҳажмда электр энергияси етказиб бериш тўғрисидаги келишувга эришилгани ҳақида хабар берган эди.

2018/2019 йиллар қишки мавсумда Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш масаласи қўшимча кўриб чиқилмоқда, дея қайд этди компания.