Томас Шэннон: “Ўзбекистон ҳукумати биз билан яқиндан ишлашни ва кенг ҳамкорлик қилишни истайди”

АҚШ Давлат котибининг Сиёсий масалалар бўйича муовини Томас Шэннон «Америка Овози» билан махсус суҳбатда нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиёга нисбатан ёндашувни тушунтирди, балки Афғонистон, Покистон ва глобал аҳамиятга эга мавзулар ҳақида ҳам гаплашди. 
Шэннон назарида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзгаришлар қилишга қодир ва бу борада кучли иродага эга лидер.
Ислоҳотлар жараёни мураккаб, лекин орқага қайтмаслик керак, дейди у, қадамма-қадам, бир маромда олдинга интилавериш лозим. Вашингтон бу борада яқиндан ёрдам беришга бел боғлаган. 
Қуйида “Америка Овози” телерадиоси мухбири Навбаҳор Имамованинг Т.Шэннон билан ўтказган интервьюсини тақдим этамиз.
Н.Имамова: Марказий Осиёга бориб турибсиз. Билишимизча, сиз минтақа шайдосисиз.
Т.Шэннон: Жудаям.
Н.Имамова: Сўнгги марта борганингизда Тошкентда Афғонистон юзасидан ўтган анжуманда АҚШ делегациясига бошчилик қилдингиз. Афғонистон борасида йиғин кўп ва мулоқот кенг. Тошкентдагиси нимаси билан бошқача?
Т.Шэннон: Тошкент анжумани Кобул процесси деган жараён билан боғлиқ. Президент А.ҒаниТолибонни тинчлик музокарасига чақирган ва афғонлар, биродарлар, орасида муроса қилиш мақсади айнан шу платформада муҳокамада.
Тошкентдаги йиғиннинг муҳим жиҳати шуки, унда айнан шу мақсад ҳақида гап кетди.Кобулдаги мулоқот Тошкентга кўчди ва халқаролашди. 
Иштирокчиларнинг сони ошди, Толибонга чақириқ кучайди.
Ягона йўл музокара қилиш ва халқаро ҳамжамият Кобул таклифини ёқлайди ва афғонлар бир-бири билан ярашишини истайди, дея баралла баён қилинди.
Н.Имамова: Лекин халқаро ҳамжамиятнинг ўзи Афғонистон борасида якдилми? Кўплаб иштирокчилар ўзаро зиддиятдаги томонлар.
Т.Шэннон: Тўғри, ўринли савол. Кўплаб давлатлар, Афғонистоннинг қўшнилари Афғонистонда турлича манфаатларга эга. Лекин ҳамма тинчлик истайди.
Муроса қилиш муҳим эканини билади. Ҳамма ўз манфаатларини ҳимоя қилиши учун мамлакатда барқарорлик томон етакловчи қадамлар ташланиши керак.
Менимча, бу анжуманнинг асосий ютуғи – Ўзбекистон мана шу долзарб масала муҳокамасини очиқ ва кенг майдонга айлантирди. 
Давлатларни ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мулоқот столига олиб келди. Анжуман Афғонистонда Толибон ва марказий ҳукумат орасида муроса зарурати нафақат бу юрт, балки халқаро тинчлик ва фаровонлик, тараққиёт ва янги имкониятлар томон йўл очишини кўрсатиб берди. Айниқса, хавфсизлик масаласига урғу берилди.
Н.Имамова: Сизнингча, Покистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон ва Марказий Осиёнинг беш давлати бу борада бир ёқадан бош чиқара оладими? Айтишга осон…
Т.Шэннон: Албатта.
Н.Имамова: Келишмовчиликлар талай улар орасида…
Т.Шэннон: Дипломатик синов бу. Масала ва вазифа шунда. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ҳам шундай.
Бу анжуман Ўзбекистон ташаббуси ва унинг меҳнати маҳсули. Марказий Осиё бир овоздан қувватлади уни. Афғонистон тинчлиги нақадар муҳим экани тан олинди. Демак, умид бор.
Биз барча ҳукуматлар берган сўзининг устидан чиқиши учун ҳаракат қиламиз. Чиқмаса, нега, деб ўрганамиз. Афғонистондаги уруш қандай олиб борилиши кераклиги юзасидан якдиллик йўқ эди.
Бугун биз урушни эмас, тинчликни муҳокама қилаяпмиз. Муросага қандай эришиш йўлларини. Афғонлар нима қилиши керак, халқаро ҳамжамият нима қила олади?
Н.Имамова: Хўш, энди нима? Анжуманда ҳамма меморандум билан чиқди. Кейинги конкрет қадамлар нима?
Т.Шэннон: Томонлар ўзаро маслаҳатлашмоқда. Ҳамкорлар билан мулоқотдамиз, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва хусусан Ўзбекистон билан.
Тошкентдаги анжуманда ҳаммамиз бир-биримиз билан гаплашиб олдик. Кейинги қадамлар устида ишлаяпмиз.
Н.Имамова: Покистонда вазият охирги кунларда қалтис. Билишимизча, АҚШ дипломатлари постидан 40 километрдан узоққа бора олмаяпти. Трамп маъмурияти қаршилик билдирган, шундайми?
Т.Шэннон: Дипломатларимизнинг сафар қилиши чекланган. Покистон ҳукумати рухсатисиз узоққа бора олмайди. Дипломатияда бу табиий ҳол. Лекин, қайд этаман, Покистон билан мулоқотдамиз. Афғонистон ҳақида ва ўзаро ҳамкорлик юзасидан доимий алоқадамиз. Бирга ишлаш умидидамиз.
Н.Имамова: АҚШ ҳам Покистон дипломатларига чеклов қўядими Вашингтонда?
Т.Шэннон: Одатда, нариги томоннинг қадамига мос қадам қўямиз.
Н.Имамова: Демак, чеклов кутиш мумкин.
Ўзбекистонга қайтсак, Президент Шавкат Мирзиёев билан бир неча бор кўришдингиз, гаплашдингиз. Қандай раҳбар у, назарингизда?
Т.Шэннон: Қисқа даврда катта ишлар қила олган лидер. Ўзбекистонни қўшниларга очди ва минтақа унга ижобий жавоб берди. Афғонистон анжумани унинг минтақавий фаоллигининг яққол исботи. Масалани, ўз ташаббусини халқаро майдонга олиб чиқди ва олқишланди.
 
Биз Мирзиёев билан кенг стратегик мулоқот олиб бораяпмиз. Ҳамкорлик кенгайиши учун замин ҳозирлаяпмиз. Назаримда, Мирзиёев аъло даражали шерик.
Н.Имамова: Биласиз, Ўзбекистон ислоҳотлар жараёнида қувватловга муҳтож.
Бу борада Ўзбекистон раҳбарияти билан гаплашгансиз. Кенг қамровли учрашувлар ўтказгансиз.
Сиз бой тажрибага эга дипломатсиз. АҚШ дунё бўйлаб турли давлатларда ислоҳотлар жараёнини қандай қувватлаганини биласиз. Америка ислоҳотларда ёрдам бераман деб чиққанида нимани эплайди-ю, нимани эплай олмайди?
Т.Шэннон: Ажойиб савол.
Ислоҳотларга ёрдамимиз ҳамкор давлатнинг иродасига боғлиқ. Реал ўзгаришлар қиламан деган томон билан ишлаганимизда, кўмагимиз самара берган. Сабр-тоқат ҳамда давомийлик ва бир маромда ҳаракат қилишга келганда орада тушунмовчиликлар бўлади.
Айтмоқчиманки, ислоҳотлар бошлаётганда жараённи белгилаб олиш керак. Процесс сиёсий жиҳатдан тўхтовсиз бўлишини таъминловчи қарорлар қилиш керак. Шундагина қадамма-қадам ютуққа эришиш мумкин. Ҳар бир қадам мақсадга мувофиқ бўлиши зарур. Жараён секин, вақт керак.
Марказий Осиёда ислоҳотлар қилиш осон эмаслигини тушунамиз. Бой ўтмишга эга минтақа, лекин сиёсий тузумлар бу борада тажрибага эга эмас. Совет ўтмиши, мустақиллик йилларидаги машаққатли давр, халқаро майдонда ўрин топиш, хавфсизликни таъминлаш – қийин синовлар.
Ислоҳотларда самарали ёрдам бера олиш биздан ўша мураккаб муҳитни тушуна олишни талаб қилади. Лекин кўп нарса ислоҳотлар бошида турган ҳукумат ва унинг раҳбарига боғлиқ.
Н.Имамова: Демак, Мирзиёев сиз учун кучли иродали шерик, яқиндан ишласа бўладиган?
Т.Шэннон: Яхши ишлаяпмиз у билан. 
Ўзбекистон халқи сингари биз ҳам шошмасдан таҳлил қилаяпмиз. Бир-биримиздан ўрганаяпмиз. Ўз учрашув ва мулоқотларимга асосланиб, ишончим комилки, Ўзбекистон ҳукумати биз билан яқиндан ишлашни ва кенг ҳамкорлик қилишни истайди.
Ўзбекистон ҳукумати ва биз барча имкониятларни ишга солган ҳолда ҳаракат қилишга келишиб олганмиз. Алоқаларимиз кучаяр экан, ҳар бир ишимиз ислоҳотлар жараёнида мадад бўлсин, деймиз. Биз Ўзбекистон Европа давлатлари ва Осиё мамлакатлари билан ҳам ҳамкорликни оширсин, деймиз.
Н.Имамова: АҚШ ташқи сиёсий приоритетларида Марказий Осиё қай ўринда?
Т.Шэннон: Биз учун жуда муҳим минтақа. Турли ўйинлар ва кучлар орасида қолмай мустақил бир регион сифатида оёққа туришга ҳаракат қилаётган ҳудуд.
Н.Имамова: Вашингтон у ерда ўйин ўйнамаётганини қайд этиб келади.
Т.Шэннон: Шундай. Мақсадимиз Марказий Осиёнинг беш давлати билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва минтақа атрофидаги мамлакатлардан фарқ қиладиган, ўзига хос бир шерик бўлиш. Узоқдаги ишончли таянч бўлишни истаймиз.
Бошқа давлатлар сингари бу минтақа мамлакатлари ҳам ўз тарихига эга. Қўшнилар билан тил топишишга мажбур. Шу билан бирга, дунё билан боғланишни, халқаро тизимларга уланишни истайди. Биз ҳам шуни хоҳлаймиз – муштарак манфаатларга эга шерик бўлишни.
Н.Имамова: Марказий Осиё раҳбарлари билан гаплашганингизда улардан келаси 10-15 йил учун бирор режа ёки узоқ муддатни кўзловчи мақсад ҳақида эшитасизми?
АҚШ келажакни, одатда, шундай режалайди. Стратегия шунга қараб белгиланади.
Т.Шэннон: Мана шу мақсадлар ҳақида иш кетмоқда ҳозир. Минтақада бирдамлик кучайгани сари узоқ муддатли режалар ва келажак ҳақида тасаввур шаклланади. 
Ўзлари бу борада гаплашмоқда. Улар бир-бирининг яқин келажакдаги вазифа ва хавотирларини тушунади. Чегара хавфсизлиги, сув таъминоти, тижорат, хизматлар,
Афғонистон ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун реал ҳаракат бор.Ўзбекистоннинг очилаётгани бу жараёндаги асосий туртки. Ҳукуматлар янгича руҳда стратегик фикрлай бошлаган.
Н.Имамова: Сиз регионни 10-15 йилда қаерда кўрасиз? Қаерда кўришни хоҳлар эдингиз?
Т.Шэннон: Ҳаммаси қарорларга боғлиқ. Афғонистонда нима бўлишига боғлиқ. Марказий Осиё ва унинг атрофидаги давлатлар орасидаги ҳамкорликка боғлиқ. Бизнинг улар билан алоқамизга боғлиқ.
Н.Имамова: Россия ва Хитой билан, масалан.
Т.Шэннон: Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия…
Ўз тажрибамга асосланиб, минтақа раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари билан сўзлашувларимга таяниб айтаманки, Марказий Осиё қудратли давлатлар орасида ўйинчоқ бўлишни асло истамайди. 
У тижорий, сиёсий ва маданий кўприк бўлишни истайди. Ҳиндистон океани тепасидаги гуркираган, ҳамкорлик ва рақобат ёнма-ён юрадиган, нефть ва газ қувурлари ўтган, XXI асрдаги тараққиёт ва ўзгаришлар майдони бўлишни, стратегик ҳудуд сифатида аҳамиятини ошириб, ўз фаровонлигини таъминлашни, бошқаларга ҳам мадад бўлишни истайди.
Марказий Осиё барқарор ва тўқ давлатлар жамланмаси сифатида кўтарила олади. Европа, Шимолий Америка, Осиё ва бошқа тарафлар билан мустаҳкам ришталарга эга, ўзига ишонган давлатлар бўла олади. Сармоя, тижорат, ҳамжиҳатлик ва тотувлик майдони.
Н.Имамова: Минтақа раҳбарларидан ҳам шунга ўхшаш гапларни эшитамиз.
Т.Шэннон: Шундай.
Н.Имамова: Марказий Осиё хусусида билганларингизга асосланиб, асосий муаммолар нимададеган бўлардингиз?
Т.Шэннон: Аввало, хавфсизлик билан боғлиқ масалалар. Реал таҳдидлар бор. Қонли экстремизм, Афғонистондаги янги тўдалар, хусусан, «Исломий давлат»нинг Хуросон бўлими ҳукуматларни хавотирга солади. Афғонистонда тинчликка эришилмас экан, минтақа ҳам хавф остида, дея ташвишланишади.
Биз бу борада ҳаракатдамиз, терроризмга қарши зарба беришда давом этаяпмиз, лекин Афғонистондаги можарога барҳам берилмас экан, бу мамлакат таҳдид ўчоғи бўлиб қолаверади. Минтақа давлатлари бу борада жиддий ўйлаб келади.
Яна бир вазифа – демократик ҳаракат қилиш. 
Шу пайтгача эришилган ютуқларни бой бермаслик, инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари ва ошкоралик таъминоти ҳамда сиёсий эркинлик томон интилиш.
Биз демократик ўзгаришлар тарафдоримиз ва уларни қувватлаймиз. Демократия ва ҳуқуқ тарғиботини давом эттирамиз ва буни шерикларимизга дангал айтамиз.
Н.Имамова: Ёрдам учун ажратиладиган маблағ камайиб бормоқда. Минтақа учун, айниқса… Нима кутиш мумкин реал мадад сифатида?
Т.Шэннон: Хавфсизлик юзасидан ёрдам учун маблағ бор. Лекин, умуман олганда, тўғри, кўпроқ молия зарур.
Вашингтонда ташқи ёрдам борасида қизғин баҳслар кетмоқда. Конгресс бу масалага янгича эътибор билан қарамоқда. Айнан нима соҳада ёрдам пулини ошириш керак? Бюджетлар ҳажми юзасидан дебат кетмоқда.
Марказий Осиёнинг аҳамияти тан олиниб, у ердаги манфаатларимиз йўлида қанча сарфлаш керак? Ролимизни бой бермаслик учун нима қилиш керак? Яқин ва узоқ муддатда нима қилмоқчимиз? Мана шулар борасида бир қарорга келишимиз керак.
Н.Имамова: Афғонистонни таҳдид ўчоғи дедингиз. Покистонга ҳам хавотир билан қарашади. Биласиз, яқин ўтмишда у ерда ўзбек жангарилар кўп эди. Покистондан ҳамон уларнинг фаолияти ҳақида эшитиб турамиз. Марказий Осиё бу давлат билан экстремизм ва терроризмга қарши қандай ишлаши мумкин? Сиз қандай ёрдам бера оласиз бу борада?
Т.Шэннон: Томонларнинг ўзи келишиб олиши керак – кимга нима муҳим? Афғонистонда тинчликка эришиш учун нима қилмоқ зарурлигига урғу бериш керак, урушни қандай давом эттиришга эмас.
Мана шу жараёнда Покистон жуда муҳим роль ўйнайди ва ўйнаши керак. Агар сидқидилдан аҳд қилса, ўзи ва Марказий Осиё учун янги имкониятлар очилиши аниқ.
Н.Имамова: Марказий Осиё давлатлари ва Покистон орасида қатор йўналишларда ҳамкорлик бор, икки томонлама алоқа мавжуд.
Лекин айнан терроризм ва экстремизмга қарши курашга келганда минтақа кучли шерикларга таянишни истайди. Шуни айтишади расмийлар минтақада. Улар АҚШдан кўпроқ ҳаракат кутади. Покистонга босимни ушлаб турсин, дейишади.
Т.Шэннон: Тушунамиз буни, лекин ҳамма нарса бизга боғлиқ эмас. Покистон учун Хитой жуда муҳим давлат.
Н.Имамова: Россия-чи?
Т.Шэннон: Покистон учун Хитой энг каттаси. Россиянинг минтақадаги тарихий роли зиддиятли. Лекин биз Россия билан ҳам дунёнинг бу қисми юзасидан кенг мулоқотга шаймиз.
Н.Имамова: Россия Афғонистонда фаоллашиб бораётгани сизни қанчалик хавотирга солади?
Т.Шэннон: Нима қилаётганига боғлиқ. Агар мақсад тинчлик бўлса ва Россия афғонларнинг муроса қилиши тарафдори бўлса, биз буни олқишлаймиз.
Н.Имамова: Катта раҳмат суҳбат учун.
Т.Шэннон: Сизга ҳам раҳмат.