Рус матбуоти Марказий Осиё давлатлари ҳаракатларидан нега жазавага тушмоқда?

“Қозоғистонда АҚШнинг ҳарбий базаси пайдо бўлади!, “Америка Қозоғистоннинг Каспийдаги портларидан фойдаланиши мумкин”, “Оқтоғ порти Пентагоннинг базасига айланади”, “Қозоғистоннинг АҚШга юз буриши Россияга қарши ҳаракатдир, умуман Россиянинг манфаатларига таҳдид солади…”

Мана шундай ҳақиқатдан йироқ жазавали сарлавҳа ва изоҳлар охирги бир неча кун ичида газета ва интернет-ресурслардан тушмай қолди. Уларнинг аксарияти, табиийки, ланъати пиндослар (америкаликлар) билан совуқ уруш ҳандақларига айланган ресурсларда жамланди. Гап шундаки, ОДКБ бўйича Россиянинг иттифоқдошлари ўрислар билан бирга ўша ҳандақларга ўзини ташламоқчи эмас. Айниқса, Қозоғистоннинг бундай иш тутиши, уларнинг фикрича, дилни оғритади.
Қозоғистоннинг Россиядаги элчихонаси 26 апрель куни баёнот бериб, “Россия оммавий ахборот воситаларининг Каспий денгизидаги қозоқ портларидан АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари томонидан фойдаланиши ҳақида тарқатаётган хабарлари асоссиз фикрлар ва фейк хабарлар”дир дейишга мажбур бўлди.

Албатта, соғ одам тушунадики, АҚШ ҳарбий денгиз кучлари кемалари Каспийга осмондан тушиб қололмайди. Юк контейнерлари аввалига темир йўл орқали портларга олиб келинади, сўнг денгиз паромларида кейинги портларга, ундан сўнг темир йўлга юкланади. Аммо “бизнинг конспиролог”лар буни ўйлашмайди, ҳаммани қўрқитса, ўзи ҳам қўрқса — шу ишни қилади.

Яқинда Қозоғистон Сенати томонидан ратификация қилинган, ҳали президент Назарбоев томонидан имзоланмаган АҚШ ва Қозоғистон ўртасида Афғонистонга махсус (ноҳарбий) юкларни транзит қилиш учун Каспий денгизи портларидан фойдаланиш тўғрисидаги битим қатор ҳамкасбларимизда ҳам “ватанпарварлик туйғуси”ни янада кучайтирди. Ушбу битим Вашингтон томонидан 2010 йилда нафақат Қозоғистон ва бошқа собиқ иттифоқ мамлакатлари билан, балки Москва билан ҳам эришилган келишувлар асосида тайёрланган. Ўшанда Шимолий тақсимот тармоғини яратишга келишилган бўлиб, унинг бир йўналиши Ульяновск орқали ўтиши керак эди. Яхши эслайман, ўшанда Кремль ҳам, Смоленск майдони (Ҳукумат биноси жойлашган) ҳам ушбу битимда ҳеч қанақа сотқинлик йўқлиги, Лениннинг юртида америкаликларнинг ҳарбий базаси очилмаслигини айтиб, маҳаллий “ватанпарварлар”ни тинчлантиришга мажбур бўлганди. Ва бу тижорий нуқтаи назардан жуда ҳам фойдали тадбир эди. Чунки америкаликлар ўзининг Афғонистондаги контингенти учун ичимлик сувини етказиб беришда ишончли маршрутга яхшигина миқдорда пул тўлашга кўнишган эди. Бу маршрут террористлар уя қурган Жанубий тармоққа қараганда масофани бирмунча қисқартирар эди.

Бироқ бугун давр бошқа. Америка биз учун эндиликда шерик эмас, Россия 2015 йилда афғон битимидан чиққан эди. Аммо Афғонистондан Америка чиқмади. Америкаликлар ўз маршрутини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишди. Юклар Грузия, Озарбойжон, Каспий денгизи, Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали манзилга етиб боради. Шунинг учун ушбу мамлакатлар билан қайтадан битим тузишга тўғри келди.

Москва томонидан бошқариладиган оммавий ахборот воситалари орқали Қозоғистон эмин-эркин ҳаракатларига нисбатан билдирилаётган жазавали гап-сўзлар расмий Остона тарафидан тизимли равишда эътирозлар билдиришларга сабаб бўлаяпти. Россия тарафи фикрича, Қозоғистоннинг айрим қадамлари Москва билан умумий позицияда эмас. Масалан, кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтиш тўғрисидаги қарор ҳам руслар томонидан оғриқли қабул қилинди.

Шундан сўнг Сегрей Лавров билан ўша ноқулай вазият содир бўлди. Гап шундаки, у Қозоғистоннинг АҚШ, жумладан, қатор ғарб мамлакатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий этишга оид қарорига адекват ва ҳурмат билан муносабат билдиришга тайёр эмаслигини кўрсатди. Остонанинг жавобини кўп кутишга тўғри келмади. Жавоб кескин янгради: Қозоғистон суверен давлат, қандай ташқи сиёста юритишни ўзи мустақил ҳал қилади.

Кейин жанжалли кампания бошланди. Қозоғистонни Россия манфаатларига нисбатан хиёнат қилганликда айблашга тушишди. Чунки расмий Остона Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашида илгари сурган Сурияда кимёвий қурол қўлланилиги устидан назорат ўрнатишнинг мақбул механизмларини ишлаб чиқишга доир резолюцияга овоз беришда Қозоғистон овоз бермади. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги жуда босиқлик билан бунга муносабат билдирди: мамлакат Сурияда тинчлик жараёни бўйича Остона музокараларининг ташкилотчиси сифатида ўзаро курашаётган тарафларга тенг муносабатда бўлишни истагани учун шундай иш тутди.

“Географияга оид масала” ҳам, у “тўғри” йўналтирилган рус матбуоти роса айлантирганидек, Қозоғистон раҳбари — элбошига қаратилган. Унинг замирида АҚШга ташрифида берилган ваъдаларни бажаришга шошилиш керак эмас, деган маъно ётибди.

Ўйлашимча, энди Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам бундай жазаваларга ҳозирлик кўриб қўйиши керак бўлади. Чунки у май ойининг ўртасида Вашингтонга ташриф билан боришга ҳозирлик кўраяпти.

Қолаверса, Американинг транзит юклари Қозоғистондан Ўзбекистоннинг совет давридаги Амударё орқали ўтган машҳур “Дўстлик кўприги” — Ҳайратондан Афғонистонга йўл олади. Тошкент россиялик “ватанпарварлар”нинг Ўзбекистонда ҳарбий база пайдо бўлади, деган шубҳаю гумонларига дуч келади, деб қўрқаман.

Аркадий Дубнов.
Марказий Осиё бўйича россиялик эксперт, журналист.