Америкадаги ватандошлар Тошкентга сим қоқишди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “АҚШдаги ватандошлар билан маданий ва маърифий алоқаларни йўлга қўйиш” мавзуида видеоконференция бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Халқ сўзи” газетаси хабар тарқатди.

Унда айтилишича, видеоанжуманда мамлакатимизнинг 17 та вазирлик ва жамоат ташкилоти мутасаддилари, ходимлари қатнашди. АҚШда умр кечираётган ўзбек диаспораси томонидан Чикаго шаҳридаги “Ўзбек — Америка ассоциацияси” президенти Олим Шарипов, Филадельфия шаҳридаги “Юртдош” жамоат ташкилоти раҳбари Шарофитдин Зиямов, Атланта шаҳридаги “Ўзбек жамияти алоқалари” раҳбари Жалолиддин Ходжаев, “Тошкент — Сиэтл” биродарлашган шаҳарлари ассоциациясининг раиси ўринбосари Лола Захарова ва шу жамоат ташкилотларининг йигирмадан зиёд фаоллари иштирок этди.

Тошкент вақти билан тонгги соат 8:00да, Америка вақти билан тахминан тунги соат 22:00да бўлиб ўтган ушбу виртуал мулоқот мазмунли ва самимий руҳда ўтди. Узоқ муддат ечимини кутиб турган муаммолар ҳақида ниҳоят гапира олиш имконияти туғилганидан мамнун бўлган ватандошлар гарчи бошқа-бошқа штатларда яшасалар-да, ўртага ташлаган таклифлари, кўтарган масалалари деярли бир хил эди.

Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Камолиддин Ишанходжаев мамлакатимизда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди.

Лола ЗАХАРОВА,

“Тошкент — Сиэтл” биродарлашган шаҳарлари -ассоциациасининг раиси ўринбосари:

— Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни катта ҳаяжон билан кузатиб бораяпмиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг нафақат мамлакат аҳли, шу билан бирга, хорижда яшаётган ватандошлар холидан мунтазам хабардор бўлиб турганидан мамнунмиз.

2018 йил биз учун муҳим йил ҳисобланади. Чунки “Тошкент — Сиэтл” ассоциациясининг ташкил этилганига 45 йил тўлади. Бу йилги режаларимиз талайгина. 24 март куни Наврўз байрамини нишонлаймиз. Тадбиримизда мингга яқин киши қатнашиш истагини билдирди. Улар орасида Сиэтл шаҳри фуқаролари, шу ерда яшаётган ўзбек оилалари, шунингдек, байрамимизга келиш истагини билдирган бошқа миллат вакиллари ҳам бор. Наврўз Сиэтлдаги ўтказиладиган энг катта халқ шодиёналаридан бири ҳисобланади. Худди Ўзбекистондаги каби қозонларда ош дамлаб, сумалаклар тортилади, ўзбек миллий рақс ва қўшиқлари ижро этилади. Байрамга Американинг бошқа штатлари ва Канададан меҳмонлар ташриф буюришади. Бизнинг ташкилотимиз турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр. Туризм, таълим, тиббиёт соҳаси, юридик соҳалар бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ниятидамиз.

Мазкур видеомулоқот орқали она-Ватанимизни соғинганимизни янада чуқур ҳис қилдик. Бундан ўзгача ҳаяжон туйдик. Яқин вақт ичида вазирлик ва идоралар билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатиб, Ўзбекистон имиджини АҚШда тарғиб этишга тайёрлигимизни билдирмоқчиман.

Фазлиддин ШАМСИЕВ,

Сиэтлда истиқомат қилаётган ватандошимиз:

— Сиэтл шаҳрида тахминан 100 та ўзбек оиласи яшайди. Бу ерда ўзбек маҳаллаларини ташкил этганмиз. Ҳозир ёшларимиз тарбияси учун кўпроқ қайғурмоқдамиз. Чунки Ватандан узоқда, ўзга тилда таълим олиш кичик ёшдаги фарзандларимизнинг ўз она тилларини унутиб қўйиши хавфини туғдирмоқда. Бизга ўзбек тилини ўргатадиган болаларбоп дарсликлар, ўқув қўлланмалари, миллий урф-одатларимиздан ҳикоя қилувчи китоблар жуда зарур. Анжуманда яқин вақт ичида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бизга адабиётлар тақдим қилиниши ҳақидаги хабарни эшитиб жуда қувондик

Ахборот-ресурслари базасини ташкиллаштириш маслаҳати берилди. Шу базада мамлакатимизда олиб борилаётган ислохотлар, туб ўзгаришлар ва умуман, барча объетив маълумотларни жамлаштириш имкони бўлади.

Олим ШАРИПОВ,

Чикаго шаҳридаги “Ўзбек — Америка ассоциацияси” президенти:

— Жамиятимиз Америкада яшаётган ўзбек фуқаролари орасида она тилимизни, маданиятимизни, урф-одатларимизни сақлаш, болаларимизни ўзбекона руҳда тарбиялаш ва америкаликларга Ўзбекистонни фақат яхши томондан таништириш мақсадида тузилган. Ниятимиз Ўзбекистондаги бирор мактаб билан ҳамкорлик ўрнатиш. Бу борада биз инглиз тилидаги китобларни ўзбекистонлик болаларга етказиб бера оламиз ва ўз навбатида, сизлардан ўзбек тилидаги китобларни олсак, деган орзуларимиз бор. Бу ердан туриб компьютер соҳасида дарс берадиган йигитларимиз кўп, улар онлайн тизимида ўзбекистонлик болаларга сабоқ беришлари мумкин.

Шунингдек, видеоанжуман давомида Филадельфия шаҳри АҚШдаги ўзбек уюшмаларининг Бутунжаҳон конгресси вице-президенти Зафар Сафаров,  Атланта шаҳар ўзбек жамияти алоқалари раиси Раҳмон Эшов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан ўз фикрларини билдиришди.

Ватандошларимизни қизиқтирган барча саволларига йиғилишда иштирок этган мутасаддилар атрофлича жавоб беришди. Томонлар бўлиб ўтган очиқ мулоқотдан мамнун бўлгани ва бундан кейин ҳам шундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олишди. Энг асосийси, яқин вақт ичида турли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши қайд этилди.