Ўзбекистон америкалик сайёҳлар учун қачон жозибали мамлакатга айланади?

Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси томонидан мамлакат сайёҳлик маҳсулотларини тарғиб қилишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга бағишланган семинар-тренинг ташкил қилинди.

“Жаҳон” ахборот агентлиги хабар беришича, туризм соҳасида фаолият юритадиган White64 PR-компанияси, Америка—Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, шунингдек, республиканинг 20 дан ортиқ сайёҳлик фирмалари иштирок этди.

Семинар-тренингда White64 PR-компанияси президенти М. Уайт, креатив дизайн бўйича директор К. Монро, ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассис М. Кей ҳамда ОАВ билан ишлаш бўйича эксперт М. Бейли тақдимот ўтказишди.

Тадбирда қайд этилишича, ҳозирги кунда Ғарб мамлакатлари аудиторияси телевизор қаршисида борган сари камроқ вақт ўтказишмоқда, матбуот нашрлари сонида ҳам камайиш кузатилаяпти. Одамлар интернетдан фойдаланишга кўпроқ вақт сарфлашмоқда, асосий вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказишаяпти. Ижтимоий тармоқлар барча турдаги одамлар учун турмуш тарзига айланиб улгурди.

Америкалик мутахассислар Instagram, Facebook, Twitter сингари оммабоп ижтимоий тармоқлар туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлик маҳсулотлари оммабоплигини ошириш, Ўзбекистоннинг туристлар учун истиқболли сайёҳлик маскани сифатида мавқеини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини қайд этишди.

Экспертларнинг айтишича, 2016 йилда оммабоп ижтимоий тармоқларда саёҳат мавзусида 60 миллиондан ортиқ чатлар қайд этилган; 50 фоиздан ортиқ туристлар ўзлари ташриф буюрадиган мамлакат ҳақида ижтимоий тармоқлардан маълумотлар олишган; маркетологларнинг 94 фоизи фикрича, туристик маҳсулотларни илгари суришда интернетдан фойдаланиш самарали тактика ҳисобланади; истеъмолчиларнинг 71 фоизи ўз шахсий “саҳифаси”га келиб тушган ҳаволалар асосида харидни амалга оширади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани, турли даврлар ва цивилизацияларга тааллуқли меъморий ёдгорликларнинг мавжудлик, ноёб миллий қадриятлар, туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани америкалик сайёҳлар учун жозибали саналади.

“Энг муҳими, зарур ахборотни зарур аудиторияга бериш учун салоҳиятни шакллантириш лозим”, деди М. Уайт.

Тақдимотда айтилишича, ўзбек сайёҳлик агентликлари ва давлат идоралари сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларининг заиф жиҳатларидан бири “инглиз тилининг паст даражаси” саналади. М. Кей ўз тақдимотида охирги ижтимоий сўровларга таяниб қайд этишича, америкалик сайёҳларнинг қарийб 72 фоизи сайёҳлик маҳсулоти, агар уларнинг тилида сифатли реклама қилинган бўлса, уларни сотиб олиши”ни билдирган. Бунда 56 фоизи сайёҳлик пакетининг нархига эмас, балки инглиз тилида маълумотлар борлигига эътибор қаратишади.

Қисқа метражли видеоматериаллар тайёрлаш ҳақида сўз борар экан, америкалик мутахассислар икки ёки уч дақиқалик видеорекламалар даври ўтганини қайд этишди. Ҳатто бир дақиқалик видеороликлар ижтимоий тармоқларда  оммалашмаяпти. Ҳозирда15-16 секундлик видеолар тобора оммалашиб бораяпти.

“Жаҳон” АА семинар-иштирокчилари фикрлари билан қизиқди.

White64 PR-компанияси президенти М. Уайт:

  • Компаниямиз рақамли маркетинг соҳасида фаолият юритади, ҳордиқ ва саёҳат бозорида лойиҳалар амалга оширамиз. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан мамлакат туристик салоҳиятини илгари суришда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга бағишланган қизиқарли семинар ўтказдик. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг фаоллигини кўриб ҳайратландим. Тақдимотларимиз катта қизиқиш уйғотди. Учрашувни ташкиллаштиришда олдимга қўйган асосий мақсад Ўзбекистон туризм индустрияси вакилларини интернет ва ижтимоий тармоқлар имкониятлари билан яқиндан таништириш эди. Бунда асосий эътибор сайёҳлик маҳсулотларини нафақат Америкада, балки бошқа инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларда тарғиб қилишга қаратилди.

White64 компаниясининг ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассиси М. Кей:

  • Биз бугун Ўзбекистон туризм тармоғи вакиллари билан қизиқарли учрашув ўтказдик. Семинар давомида биз чет элдан сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича маркетинг стратегияларини яратиш соҳасидаги илғор тажрибалар ҳақида сўз юритдик.

Жуда чиройли мамлакатда яшайсиз. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам чет эллик сайёҳларга таклиф қиладиган бой тарихий, маданийга меросга эга. Шунинг учун ҳам мамлакатингизнинг нодир тарихий ва маданий ёдгорликларига эътиборни жалб қилиш учун интернет имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш айни муддао ҳисобланади.

АҚШда ижтимоий тармоқлар радио, телевидение ва босма нашрлардан кўра анча машҳурроқдир. Шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки, бу Ўзбекистон туризм маҳсулотлари учун харидор жалб қилишнинг энг яхши усулидир.

ОАВ билан ишлаш бўйича эксперт М. Бейли:

  • Семинар давомида америкалик орасидаги энг оммабоп учта ижтимоий тармоқ — Instagram, Facebook ва Twitter’га асосий эътиборни қаратдик. Бугун биз Ўзбекистонни ушбу платформалар орқали реклама қилиш учун улкан имкониятлар мавжудлигини кўриб чиқдик. Бу платформалар нафақат камхарж усул ҳисобланади, айни пайтда самарали йўл ҳамдир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов маълум қилишича, Америкадан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими қарийб 40 фоизга ошди.

Унинг айтишича, 2018 йил якунлари бўйича АҚШдан туристлар оқимини  50000 кишигача етказиш бўйича кўрсаткичларни белгилаб олинган.

Шавкат Мирзиёев яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича элчихоналаримиз ҳам фаол ва тизимли иш олиб бориши лозимлигини таъкидлаган эди.