Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга тарихий ташрифи бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Имoмали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига борди. Душанбе халқаро аэропортида давлат раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Имoмали Раҳмон кутиб олди.

Ўзбекистон Президенти шарафига қўшни давлат пойтахти бўйлаб давлатимиз байроғи кўтарилган. Кўчаларга чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзидаги хурсандчилик ушбу ташриф улар учун орзиқиб кутилган воқеа эканидан далолат бермоқда.

Қайд этиш керакки, ўзаро муносабатлар тарихида бу Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифидир. Томонлар ушбу музокараларга икки мамлакат ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни амалий мазмун билан бойитиш учун имконият сифатида қарамоқда.

Тожикистон президенти матбуот хизмати кутиб олиш маросими акс этган суратларни эълон қилди.