Абдулазиз Комилов: Ўзбекистон — Тожикистон алоқалари Марказий Осиёдаги интеграциясининг мағзини ташкил қилади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Шавкат Мирзиёевнинг 9–10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи ҳамда икки давлат муносабатларининг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Душанбеда бўлди.

Музокаралар якунида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Бундан ташқари, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди.