Ўзбекистонда ZoodMall онлайн савдо майдончаси ишга туширилади

2018 йилнинг 8 февраль куни “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти ва Швейцариянинг «ZOODEL» компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Меморандум Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида рақобатбардошликни ошириш, тадбиркорларнинг халқаро бозорларга кириб бориши ва “Ипак йўли” мамлакатлари (Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Арманистон, Озарбойжон, Грузия, Туркия, Ливан, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Покистон) билан савдо-сотиқ ҳамкорлигини йўлга қўйшда муҳим аҳамият касб этади.

Меморандумга мувофиқ, 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ZoodMall янги электрон онлайн майдончаси ишга туширилади ва бу орқали ишлаб чиқариш компаниялари ва диллерлар ўз молларини воситачиларсиз сотиш имкониятига эга бўладилар.

Бунинг учун миллий ва халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари махсус мобиль дастурларга жойлаштирилади;

ZoodMall орқали миллий маҳсулотларни eBay, AliExpress, Lazada, Cdiscountкаби халқаро савдо майдончаларида сотилади. Натижада, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳар куни жаҳон миқёсида юз миллионлаб харидорлар диққатига ҳавола қилинади.

ZoodMall компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича Бош директори С.Мухамедалиевнинг сўзларига кўра, компания мобиль дастуридан 300 миллиондан ортиқ халқаро харидор фойдаланади. Бу эса ўзбек тадбиркорларига хориж бозорларига осон чиқиш имконин беради. Бу жараёнда Ўзбекистон миллий почта оператори эса маҳсулотларни сифатли йетказиб беришни ўз зиммасига олади.

Шунингдек, томонлар ўзаро консултатив тажриба ва маълумотлар алмашиш, электрон тижорат соҳасида ўқувлар ташкил қилиш, бу йўналишдаги халқаро тадбирларда қатнашишда ҳамкорлик қиладилар.