Элис Уэллс: Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари сабаб АҚШ Марказий Осиёнинг янги қирраларини кашф этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари сабаб АҚШ Марказий Осиёнинг янги қирраларини кашф этмоқда

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс “Америка овози” телерадиосига интервью берди.

– Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонга бориб келдингиз. Ташриф таассуротлари, Дональд Трамп Президент бўлганидан кейин бу минтақага нисбатан сиёсатда қандай ўзгаришлар юз бергани ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Икки жиҳатни таъкидламоқчиман. Ҳозирги муҳим янгиликлардан бири шуки, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев олға сурган ташаббуслар минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Марказий Осиё давлатлари ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши учун янги имкониятлар юзага келмоқда. Шавкат Мирзиёев давлатни ташқи дунё учун очар экан, қўшниларга дўстлик қўлини чўзиб, чегара муаммоларини ҳал этиш йўлида ҳаракат қилар экан, биз ҳам Марказий Осиёнинг янги қирраларини кашф этаяпмиз ва янгича ҳамкорлик ҳақида ўйлаяпмиз.

Иккинчи жиҳат – президентимизнинг Жанубий Осиё стратегиясидир. Ўтган йилнинг августида эълон қилинган бу стратегия «Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизлик таъминланмагунча, биз у ерни тарк этмаймиз», деган ваъдага асосланади. Бу Ўзбекистон учун, Афғонистоннинг бошқа қўшнилари учун жуда муҳим қарор. Минтақа раҳбарлари бу қароримизни олқишламоқда. Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Тошкентга келиб кетди. Қатор битимлар имзоланди. У ўз давлатини Марказий Осиёнинг бир қисми, деб атади. Минтақадаги ҳозирги манзара бизни умидлантиради. Бу ерда икки томонлама алоқалар жонланмоқда, халқаро ҳамжамият Марказий Осиёга янги назар билан қарамоқда. Бу ҳолат Афғонистонда тинчликка эришиш умидини кучайтиради.

– Тошкент учун Афғонистон бўйича март ойида ўтказиш режалаштирилган анжуман жуда муҳим.

– Гапингизга тўлиқ қўшиламан – бу анжуман Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим. Ўзбекистон Афғонистонда тинчликка эришиш йўлида тарихан муҳим ўрин тутиб келган.

– Афғонистондаги вазият ўзингизга маълум. Анжуман нимани ўзгартира олади?

– Бу анжуман музокара учун йўл очиқ эканини кўрсатади. Бу ғоят аҳамиятли. Қон тўкишни тўхтатиб, Афғонистон конституциясига риоя этган ҳолда, кам сонли миллатлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган кучлар билан муросага келиш йўллари бор. Минтақадаги ҳар бир давлат, АҚШ ва Афғонистон фақат тинчлик ва барқарорлик истайди. Тинчлик музокаралари иш берсин, дейди.

Кобулда содир этилаётган хуружлар халқаро ҳамжамиятга тинчликнинг душмани аслида ким эканини яққол кўрсатди. Бу – «Толибон». Шу боис бутун эътиборимизни мана шу ёвуз кучга қаратаяпмиз. Унинг таркибида қурол ташламоқчи бўлганлар ҳам бор. Шундай экан, муроса умиди сўнмайди. Ҳукумат толиблар билан тил топиша олишига ишонади.

– Марказий Осиё давлатлари АҚШ билан алоқалар мустаҳкам бўлишини хоҳлайди. Бироқ Вашингтон минтақага Афғонистон орқали қарайди.

– Бу нотўғри талқин. Афғонистон, шубҳасиз, муҳим давлат. Лекин минтақа давлатлари билан алоқаларимиз, сиёсатимиз ҳамиша ўзаро манфаатларга асосланган. Ҳамиша уни қандай шакллантириш, иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳақида бош қотириб келганмиз. Мустақилликнинг илк йилларида бу давлатларга оёққа туриб олиши учун ёрдам кўрсатганмиз. Энди манзара бошқача. Биз Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар самара беришини истаймиз. Конвертация очилгани АҚШ хусусий секторида қизиқишни оширди. Компанияларимиз учун бу мамлакатда ишлаш имкониятлари кенгайди. Ҳозирги вазифа – бизнес тарғиботи. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига киришига тарафдормиз.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўқиб чиқдим. У кўп соҳаларда ўзгаришлар қилишни истайди. Давлатни тараққий эттириш борасида ўз режаларига эга. Узоқ йиллар амалга ошмаган мақсадлар мана энди рўёбга чиқиши мумкин.

Ўзбекистон минтақада муҳим ўрин тутади. Биз ҳар бир жабҳада бу мамлакат билан яқиндан ишлашга бел боғлаганмиз. Ўзбекистон ва бутун минтақа давлатлари билан қатор йўналишларда ҳамкорлик янги поғонага кўтарилишига ишонамиз.

– Вашингтон Ўзбекистондаги ўзгаришлар жараёнини қандай баҳолайди?

– Ўзбекистон ўзи ўзгаришларни амалга оширяпти. Ташқи таъсир остида эмас. Биз катта қизиқиш билан кузатяпмиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Ёрдамлашишга ҳам тайёрмиз. Тошкентга борганимда ташқи ишлар вазири, мудофаа вазири, Афғонистон бўйича махсус вакил, сенаторлар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан мулоқот қилдим. Ҳамма янги имкониятлар ҳақида гапирди. Мақсадни аниқ белгилаб, режа асосида амалга ошириш керак. Бу мураккаб жараён. Нафақат АҚШ, балки БМТ, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа тузилмалар Президент Шавкат Мирзиёевга кўмаклашиш тарафдори.

Афв ҳақидаги қарор, мажбурий меҳнатга қарши чоралар, ахборот майдонининг очила бошлагани, адлия тизимини ислоҳ қилиш борасидаги қадамларнинг аҳамияти катта. АҚШ бизнеси кўпдан буён Ўзбекистонга қизиққан, лекин ҳамкорлик учун етарли даражада имкон топа олмаган. Бугунги ўзгаришлар ҳаммамизни эзгу ишларга чорламоқда. Янги Ўзбекистонга янгича кўз билан қараяпмиз.

Ўзбекистон узоқ йиллар мобайнида минтақа ва бугун дунёга очилишни истамади. Минтақавий ҳамкорлик йўлидан бормади. Энди янги йўл тута бошлади. Бу Ўзбекистон равнақига хизмат қилади, албатта. Сармоядорларга йўл очиб, мамлакатни ҳам ўз қудрати, ҳам чет эллик ҳамкорлар ёрдами билан ривожлантириш пайти келди. Президент Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани, чегаравий масалаларни еча бошлагани, бошқа йўналишлардаги алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилаётгани нафақат бизнес учун, балки минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жуда эътиборлидир.

– Минтақада АҚШ фаол иштирокчи эмас, балки кузатувчи, дейдиганлар кўп. Россия ўз иқтисодий ва сиёсий таъсир воситаларига эга. Хитой миллиардлаб доллар сармоя олиб кирмоқда. Бу ҳам таъсир воситасига айланиши мумкин. АҚШ бу вазиятга реал тарзда қандай таъсир қила олади?

– Биз Марказий Осиё билан чегарадош эмасмиз. Таъсир ўтказишни ҳам истамаймиз. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари эркин, суверен, ҳудудий жиҳатдан яхлит давлатлар бўлиб қолиши тарафдоримиз. АҚШ билан ҳамкорлик бошқалар билан шерикликка дахл қилмаслиги керак.

АҚШ минтақада фаол эмас, дейиш нотўғри. Биз қатнашган энг узоқ уруш дунёнинг шу қисмида. Қанча одам йўқотдик, моддий зарар кўрдик. Бу минтақа кейинги 4-5 нафар президентимизнинг диққат марказида бўлиб келди.

Марказий Осиё биз учун муҳим. Президентлар – алоқада. Ташқи ишлар вазирлари – алоқада. Ўзбекистон минтақадаги муҳим давлат сифатида ҳамиша бизнинг эътиборимизда. Марказий Осиё билан ришталаримизда, минтақа истиқболида унинг ўрни беқиёс. Биз ҳамкорликнинг янги йўлларини излашдан тўхтамаймиз.

Ижтимоий тармоқлар ҳукмрон асрда яшаётганимизни инобатга олиб, бунинг ижобий ва салбий жиҳатлари борлигини таъкидлаш керак. Одамлар бир-бири билан доимий алоқада. Бу алоқадан ёвуз кучлар ҳам фойдаланмоқда. Экстремизм ва шафқатсизлик ёшларни йўлдан оздирмоқда. Марказий Осиёда ҳам. Бу балога қарши бирга курашишимиз керак. Курашаяпмиз ҳам. Олдимиздан мисли кўрилмаган муаммолар чиқмоқда. Уларни бартараф этиш учун ҳамкорлик зарур.

– АҚШнинг Марказий Осиёдаги Шимолий таъминот тизими ишлаб турибди. Бу борада янги келишувлар кутиляптими?

– Савдо ва транспорт алоқаларига ҳамиша жиддий эътибор берамиз. Минтақадаги мамлакатлар билан шу соҳада ишлашни давом эттириш ниятидамиз.

Марказий Осиё давлатлари ҳамиша экстремизмга қарши бўлган, террорчи ташкилотлар илдиз отмаслиги йўлида ҳаракат қилган. Биз бу борада ҳамкорликдан манфаатдормиз. Терроризм ва экстремизмга қарши ҳамкорлик биз учун устувор вазифа.

– Иқтисодий соҳада АҚШ компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши қанчалик ошди?

– Қизиқиш катта. Янгиликлар кутсак, арзийди. Шахсан ўзим учун бир йўналиш жуда аҳамиятли – икки халқ бир-бирини яқиндан таниши, англаши, бир-биридан ўрганиши учун бизнес, таълим соҳасида, малака ошириш, ноҳукумат ташкилотларни ривожлантириш борасида йўлни катта очиш керак. Ҳукуматлар алоқаси билан халқлар ўртасида ришталар бошқа-бошқадир. Биз Ўзбекистон билан расмий ҳамкорликка урғу бериб келганмиз, лекин норасмий, яъни, маданий ва ижтимоий алоқаларни ҳам ривожлантириш тарафдоримиз. Биз давлатларимиз ўртасида инсоний қадриятларга асосланган ҳамкорлик ривожланишини истаймиз. Бу борада қилинадиган ишлар кўп.

Алишер Навойи номидаги Миллий кутубхонага бордим. Инглиз тили дарсликларини кўрдим. Уларни чоп этишга ҳомийлик қиламиз. Талабаларни кўриб, лол қолдим. Ўзбекистоннинг мағрур фуқаролари ўзлари глобал ҳамжамиятнинг бир бўлаги эканини англайди. Мамлакатларимизда янги авлод вакиллари бир-бирини таниши лозим ва буни таъминлаш долзарб вазифа, деб ҳисоблайман.

– АҚШда ўқиш учун янги дастурлар ишга тушадими, олдин ёпилганлари қайта очиладими?

– АҚШда ўқишни истаганлар элчихонамизнинг жамоатчилик билан ишлайдиган бўлимига мурожаат қилиши мумкин. Биз айрим дастурларни қайта тикламоқчимиз. Янгиларини очмоқчимиз. Биргаликда янги лойиҳалар бошлаш ниятидамиз. Турли соҳа эгаларини АҚШга олиб келиб, бизнинг тизим ва жамият билан яқиндан таништирадиган дастурлар бор. Бир-биримизни яқиндан танишимиз, англашимиз муҳим аҳамиятга эга. Бу янги ғоя ва таклифлар пайдо бўлишига имкон яратади. Биргаликда эзгу ишлар қила олишимизга ишончим комил.

Бугун Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш, айниқса, кучайган. Давлат департаменти ҳамкорликни қайси йўналишларда ривожлантириш ҳақида бош қотираяпти. Тошкент – яхши шерик.

– Ўзбекистон, хусусан, Президент ўзини синаб кўраётгандек. Сиз ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ сиёсатда ўзингизни синаяпсизми?

– Худди шундай. Биласизми, ислоҳот – жуда мураккаб жараён. Президент Шавкат Мирзиёев ўз олдига қўйган мақсадлар жуда катта ва шу сабабли ҳам ниҳоятда қийин. Нафақат тизим, балки менталитет ўзгариши керак. Муҳими, бунинг учун хоҳиш-ирода бор. Назаримда халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. БМТ, Жаҳон банки, умуман, ҳамма ёрдамга шай.

Навбаҳор Имомова,
“Америка овози” телерадиоси мухбири.