Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қилади

Ўзбекистон ЯИМда яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги йиғилишида иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди, деб хабар қилади «Газета.uz».

«Экспертларнинг баҳолашича, ялпи ички маҳсулотда яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан ошади. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётнинг ривожига ва бюджет тўлишига халақит беради», — деди амалдор.

Унинг сўзларига қараганда, бу муаммони ҳал қилишдаги биринчи қадам валюта бозорининг либераллаштирилиши бўлди, кейинги босқичда эса солиқ тизими ислоҳ этилади.

«Масалан, қўшимча қиймат солиғи (20 фоиз), агар у имтиёз ва преференциялар инобатга олинмаган ҳолда ундирилса, давлат бюджетининг 80 фоизигача қоплаши мумкин. Айтмоқчиманки, биз 1 июлгача солиқ тизимини қайта кўриб чиқамиз. Иккинчидан, рақобат муҳити ва барча тадбиркорлар учун тенг шартлар яратиш бўйича конкрет таклифлар киритамиз, бу хуфёна иқтисодиётни легаллаштириш имконини беради», — таъкидлади Мубин Мирзаев.

Хуфёна иқтисодиёт улушининг туширилиши солиқ базасини кенгайтиришга ёрдам бериши ҳамда давлат бюджетининг даромад қисми барқарорлигини таъминлаши кутилмоқда.