Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини “Amazon” тармоғида сотиш йўлга қўйилади

Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган “TexWorld USA” нуфузли халқаро тўқимачилик кўргазмасида иштирок этди. Бу ҳақмда “Жаҳон” АА хабар тарқатди.

Унинг якунида Ўзбекистондан тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича инфратузилма, жумладан, логистика ва суғурта тизимини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ўз навбатида ўзбек товарларини онлайн савдо тизимлари, жумладан, “Amazon” тармоғида сотиш, уларни почта орқали АҚШга юбориш йўллари ишлаб чиқилди. Айни чоғда Америкада “Фарғона” бренди рўйхатдан ўтказилиб, яна бир савдо белгиси ҳисобланган “Ўзбекистон” илгари сурилаяпти.

Бундан ташқари, Нью-Йоркдаги “Ўзтрейд” савдо уйи имкониятларидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларини катта миқдорда океан орти бозорларига етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди. “Ўзбекенгилсаноат” давлат уюшмаси билан тўқимачилик соҳаси учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Америка бозорида товарларни илгари суриш бўйича мутахассис К. Кангалнинг айтишича, “ўзбек ишлаб чиқарувчилари мазкур индустрияга янги стандартларни олиб кириш ва у ердаги анъанавий иштирокчиларга нарх бўйича рақобат пайдо қилишга тайёр”. У Ўзбекистондаги “Нил Гранит” компанияси америкалик брокерлар билан ойида 100 минг дона текстиль маҳсулотини етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Ўз навбатида, кўргазманинг Ўзбекистон бўлмаси дунёнинг турли мамлакатларидан келган мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.

Жумладан, “Messe Frankfurt” кўргазмаси ташкилотчи компаниялари президенти Деннис Смит мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ранг-баранг тўқимачилик маҳсулотлари ноёблиги билан диққатни тортишини айтиб ўтар экан, ўзи бир неча маротаба Ўзбекистонда бўлганини ҳам эътироф этди. Унинг ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ишонч билан айтишича, нафақат улкан ва истиқболли бозор бўлгани учун, балки бугунги кунга қадар сақланиб қолган миллий тўқимачилик анъаналари боис ҳам хорижлик бизнес доиралар ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишни афзал билишади.