Шавкат Мирзиёев Қозоғистондаги фожиа бўйича Бош вазир бошчилигида ҳукумат комиссиясини тузди

Қозоғистонда кўплаб ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлишига олиб келган фожиа сабабларини ўрганиш юзасидан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра бош вазир бошчилигида махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилди», — дейилади хабарномада.

Унинг таркибига Ташқи ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идораларнинг вакиллари киритилди.

Махсус ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан ҳамкорликда содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш вазифалари юклатилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълумот беришича, вазирликда ҳалокат оқибатида жабрланган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор тиббий гуруҳ ташкил этилди ва гуруҳ Қозоғистон Республикасига учиб кетди.

Камбустиолог, анестезиолог-реаниматолог, суд-мед эксперт ва психолог каби  малакали шифокорлардан таркиб топган ушбу гуруҳга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Асилбек Худаяров бошчилик қилмоқда. Тезкор тиббий гуруҳ зарур воситалар, дори-дармон захиралари билан етарли даражада таъминланган.