Ўзбекистонда товарларни олиб келишдаги 10 АҚШ долларлик миқдор бекор қилинади

    Ўзбекистонда қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарларга қўйилган 10 АҚШ долларлик миқдорнинг бекор қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақида Газета.uz сайти ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатди.

    Белгиланган миқдорни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ҳужжат ҳали имзоланмаган, бироқ Қозоғистон билан чегарада йил бошидан буён шахсий фойдаланиш учун 1000 долларгача миқдордаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат берилган. «Газета.uz» мухбири пайшанба куни «Ғишт кўприк» («Черняевка») ўтказиш пунктига ташриф буюриб, бунга амин бўлди.

    Қўшни давлатлардан шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарларни бир вақтда олиб кириш учун 10 долларлик меъёр «ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш мақсадида» 2009 йил июнда ўрнатилган эди. Унга қадар мазкур меъёр 25 долларни ташкил этган. Қўшни бўлмаган давлатлардан эса 1000 долларгача миқдордаги товарларни божсиз олиб кириш мумкин.

    Қозоғистон томонидан чегарани кесиб ўтаётган фуқаролар чегарадан ўтиш бирмунча осонлашганини таъкидлашди. «Жуда тез ўтдим, атиги беш дақиқа, сумкаларни ҳеч ким текширмади, шунчаки рентген орқали ўтказишди», — деди фуқаролардан бири.

    Сумкалар ва микротўлқинли печ олиб ўтаётган аёл унга ҳеч ким ҳеч қандай савол бермаганини таъкидлади.

    Қайд этиш жоизки, божсиз олиб киришга тааллуқли меъёрлар тижорий мақсадларга мўлжалланган товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

    1 январдан 2000 долларгача миқдордаги нақд хорижий валюталарни Ўзбекистондан олиб чиқиш ва олиб киришда ёзма декларация қилиш талаби ҳам бекор қилинган.

    Мамлакат халқаро аэропортларида йил бошидан буён икки йўлак («яшил» ва «қизил») тизими иш бошлади.