Фидель Кастрони лол қолдирган ўзбек боғбони

“Бизнинг юрт лимоннинг ватани бўлса-да, Ўзбекистонда ҳақиқий лимонни еб кўриб, мазасига ва уни етиштирган оддийгина деҳқон меҳнатига тан бердим”.

Бу сўзлар Куба давлати собиқ раҳбари Фидель Кастрога тегишли. У халқ селекционери, фахрий академик Зайниддин Фахриддинов яратган лимонзор билан яқиндан танишгач, шундай фикрга келган экан, дейилади қишлоқ хўжалиги фанлари номзод Раъно Ходжаеванинг “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган мақоласида.

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Зеро, ўзбек боғдорчилиги довруғини дунёга ёйишга муносиб ҳисса қўшган бу заҳматкаш инсоннинг изланишлари нафақат соҳа вакиллари ёки журналистлар, балки ёзувчилар, жамоат арбоблари, ҳатто космонавтларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлган.

…Халқимиз “қиш меваси” дея эъзозлайдиган лимон бугун бозорларимизда сероб. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Чунки юртдошларимиз аллақачон мазкур цитрус мевани уй шароитида етиштиришнинг ҳадисини олишган. Аммо бундан ярим аср аввал буни фақат орзу қилиш мумкин эди, холос.

Ёши улуғ кишилар яхши эслашади: илгари Ўзбекистонга лимон чет давлатлардан олиб келинар, ушбу шифобахш неъматни сотиб олишга эса ҳамманинг ҳам қурби етавермасди.

Хўш, иссиқсевар ўсимлик қай тариқа маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилди?

Аслида, мазкур наботот намунасини иқлимлаштириш ҳаракати 1932 йилда бошланган эди. Ўшанда юртимизга Грузиядан келган 15 нафар олим маҳаллий мутахассислар кўмагида цитрус экинни экиб, кўпайтиришга киришади. Бироқ уч йиллик синов амалиёти кутилган натижани бермайди. Яъни Ўзбекистонда қиш қаттиқ келиши оқибатида дарахтларни совуқ уради. Ҳафсаласи пир бўлган олимлар ўсимликларни кўмиб ташлашга қарор қилишади. Жараённи яқиндан кузатган Фахриддин бобо эндигина 10 ёшга тўлган ўғлига “Зайниддин, ўсимлик тўғри парваришланса, она-тупроғимизда, албатта, ҳосил беради”, дейди.

Бу сўзлар бўлғуси боғбоннинг лимонга меҳри тушишига катта туртки бўлганди. Орадан йиллар ўтса-да, мазкур инжиқ ўсимликни кўпайтириш фикри унинг хаёлидан бир зум ҳам кетмайди. Бироқ кўчатни қаердан олади?

“Тадбирли киши танг аҳволда қолмайди”, деганлари рост экан. Буни қарангки, боғбон наъматакка атиргулни пайванд қилиш орқали етиштирган кўчатларга Грузияда талаб ортиб кетади. Натижада унинг орзуси рўёби сари йўлакча очилади.

Гап шундаки, Зайниддин Фахриддинов атиргул ўрнига цитрус дарахт ниҳолларини олиб келади. Экишда эса анъанавий усуллардан воз кечиб, траншеяни қўллайди. Яъни ернинг бир ярим метр тупроғи олиб ташланиб, усти ёпиқ ҳолда, иситкичсиз парваришлай бошлайди.

Чин дилдан қилинган меҳнат самараси узоқ куттирмади. 1960 йилнинг октябрь ойида лимон дарахтларидан нишона ҳосил узиб олинди. Шу тариқа Зайниддин Фахриддинов изланишлари туфайли юртимизда боғдорчиликнинг янги тармоғи — лимончиликка асос солинади. 1965 — 1995 йилларда Тошкент вилоятининг ҳозирги Қибрай тумани ҳудудида умумий майдони салкам 70 гектарлик иссиқхона бунёд этилиб, лимонзорлар яратилади. Унинг ҳар гектаридан 30 тоннадан ҳосил олинади. У нафақат республикамиз аҳолиси дастурхонига тортиқ этилади, балки экспорт ҳам қилинади.

Халқ селекционери Зайниддин Фахриддинов томонидан лимоннинг “Ф-2 Юбилейний”, “Золотая яблока”, “Тошкент”, “Мейрь” сингари маҳаллий навлари, шунингдек, “Лаззат” шарбати яратилган. Навлар серҳосиллиги, мевасининг йириклиги, ўзгача мазаси билан ҳозиргача истеъмолчилар орасида алоҳида қадрланади.

Бугунги кунда лимончиликни ривожлантириш, иссиқхоналар барпо этиш, цитрус мевалар етиштиришни кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани ўзбек лимончилигининг асосчиси бўлган Зайниддин Фахриддинов ишини давом эттираётган биз, фарзандлари, шогирдлари кўнглини тоғдек кўтармоқда. Тармоқни янада равнақ топтириш борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар ҳосилдорлиги, таъми, шифобахш хусусиятлари билан фарқланувчи Ўзбекистон лимонининг янги навларини яратиш борасидаги илмий изланишларни изчил давом эттириш, уни дунё халқлари дастурхонига тортиқ қилиш борасида қўшимча имкониятларни туҳфа этмоқда.