Қозоғистонда фожиа: Автобус ёниб кетиши оқибатида ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани айтилмоқда

Қозоғистоннинг Ақтўбе областида ёниб кетган автобус салонида жами 57 киши бўлган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитасининг маълумотларига кўра, беш йўловчи автобусни тарк этишга улгурган (шундан 3 киши қозоғистонлик, 2 киши ўзбекистонлик). Уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 52 киши воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, 2018 йил 18 январь куни Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида “Икарус” русумли йўловчи автобуси ёнган маҳал унда 55 йўловчи ва 2 ҳайдовчи (Қозоғистон фуқаролари) бўлган, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги.
Беш киши ёнаётган автобусдан чиқиб кета олган. Булар 2 ҳайдовчи ва 3 йўловчи бўлиб, улардан икки нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (Исаков Аҳрор, 1988 йил 14 апрелда туғилган ва Мирзаахмедов Исроилжон, 1980 йил 10 январда туғилган). Дастлабки маълумотга кўра, фалокат жойида вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.
Ақтўбе вилояти ҳокими ўринбосари раҳбарлигида вилоят Фавқулодда вазиятлар департаментида оператив штаб ташкил этилган. Тезкор телефон рақамлари: +7 7132 56-29-62, +7 7132 56-68-85.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасида тезкор телефон рақамлари ташкил этилган. Тел. + 7 777 218 20 10, электрон манзил: emb-uzbekistan1@mail.ru

 

Айни вақтда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистондаги воқеа бўйича шошилинч алоқа рақамларини ишга туширган.

Ўзбекистон Республикаваси ФВВ шошилинч алоқа телефон рақамлари — (+998 71) 147-10-50 ва (+998 71) 212-67-00.

Қозоғистон Республикаси ИИВ ФВҚ шошилинч алоқа телефон рақамлари —  (+7 7132) 56-29-62 ва (+7 7132) 56-68-85.

«Айни шу дақиқаларда Тошкентдан рейс амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги автобусда бўлган фуқароларнинг шахсини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тайёр турибди, жамоа шакллантирилган. Умумий гуруҳ тайёр бўлганида самолёт учади», — деди манба.