Қирғизистон Иссиқкўлдаги 4 та пансионатни Ўзбекистонга қайтарди

Қирғизистон Иссиқкўл туманидаги тўртта пансионат жойлашган ер участкаларини Ўзбекистонга вақтинча фойдаланишга бериш бўйича қарор чиқарди. Тегишли қарорни Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков имзолади.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, ушбу қарор 1994 йил 24 декабрда қабул қилинган икки мамлакат ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги битим асосида тузилди.

Ҳужжат сайёҳликни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишга қаратилган. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг Иссиқкўл туманидаги «Золотие пески», «Роҳат NBU», «Дилором» ҳамда «Бўстон» пансионатлари ҳудудида жойлашган бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш тартиби ўрнатилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу объектларга берилган ер участкалари Қирғизистоннинг мулки ҳисобланади ва вақтинчалик фойдаланиш учун берилади. Ўзбекистон томони, ўз навбатида, пансионатларни 3–4 юлдузли даражага олиб чиқиш, қурилиш ишлари даврида, шунингдек, кейинчалик фойдаланиш пайтида ҳам бу ердаги ишчи кучининг камида 80 фоизини Қирғизистон фуқаролари ташкил этиши борасида мажбуриятни ўз зиммасига олади.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон унга тегишли пансионатларни олиб қўйишга қарор қилган Қирғизистон устидан АҚШда халқаро арбитражга шикоят қилган эди.

Келишувларга кўра, Ўзбекистон Халқаро арбитраж судига берган даъво аризасини қайтариб олади. Шу орқали мавжуд барча келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш таъминланади.

SHARE