Нью-Йоркда тиббий суғуртадан камида 146 миллион доллар ўмарган самарқандлик қўлга олинди

АҚШда соғлиқни сақлаш соҳасида йирик фирибгарлик схемаси аниқланди. Америка оммавий ахборот воситалари хабар беришича, ушбу жиноий гуруҳ фаолияти оқибатида етказилган зарар миқдори 150 миллион долларни ташкил қилди.

Мазкур жиноят иши бўйича 20 киши, жумладан, шифокорлар ва жарроҳ қўлга олинган. Улар кам таъминланган бруклинликларнинг нозик жойидан фойдаланиб, Medicaid ва Medicare давлат таъминот дастурларини чув туширишга ҳаракат қилишган. Қўлга олинганларнинг аксарияти собиқ Иттифоқ давлатларидан келганлар ҳисобланади.

Бруклин прокуратурасига кўра, фирибгарлик схемасига 35 яшар Кристина Мирбабаева раҳбарлик қилган. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга таяниладиган бўлса, у АҚШга Самарқанддан келган. Ҳарқалай у Самарқандда мактаб ва олий таълим муассасасини тамомлаган.

Шаҳар ва федерал даражада олиб борилган тергов натижаларига кўра, фирибгарлар 2015 йилнинг январидан бери камида 146 миллион долларлик давлат маблағларини ўзлаштиришга муваффақ бўлишган.

Товламачилик шунақа ишланган эдики, махсус ёлловчи одамлар ижтимоий имтиёзлар берилиши мумкин бўлган кишиларга 30-40 доллардан бериб, уларга суғурта олишади ҳамда фирибгарлик схемасига кирадиган клиникалардан бирида тиббий текширувдан ўтказишади. Бундай клиникалар Бедфорд-Стайвесант, Шихсхед Бэй, Канарси, Крейвсенд ва Краун-Хайтс туманларида жойлашган.

Эҳтимолий беморларни улар асосан кам таъминланган шаҳарликлар истиқомат қиладиган жойлардан излашган. Масалан, айблов ҳужжатларида Ист Нью-Йоркда камбағаллар учун бепул тамаддихона, Бушвикда ишга таъминлаш бўйича марказлар ҳақида сўз боради. Ёлловчилар ҳар бир жалб қилинган киши учун 30-50 доллардан олган.

Давлат тиббий суғуртасига эга кишилар кўрсатилган тиббиёт муассасасида бир марта келиб, унга умуман керак бўлмаган 25 доллардан, 50 долларгача бўлган процедурадан ўтиши керак эди, холос. Бундан сўнг унинг суғурта полиси тиббий хизмат кўрсатилгани учун яна бир неча марта фойдаланилади. Фирибгарлик йўли билан келиб тушган маблағлар эса бутун дунёдаги сохта компаниялар орқали легаллаштирилган.

Мирбабаева билан бирга, унинг турмуш ўртоғи Александр Копенкин, онаси Ирина Федерова ҳам қўлга олинган. Оммавий ахборот воситалари ёзишича, эр-хотин ушбу схемадан шу даражада кўп пул ишлайдики, Бруклиндаги Мост-стритда нақд 3,25 миллион долларга пентхаус сотиб олган.

Прокурорлар дунёнинг турли мамлакатларидаги 130 та банк ҳисоб-рақамларини музлатиб қўйишган. Қўлга олинганларнинг барчасига 25 йилдан умрбод озодлик маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.

SHARE