Ўзбекистонда инфляция 14 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мамлакатнинг 2018 йилги давлат бюджети тасдиқланди. Унда ЯИМнинг 0,02 фоизи ёки 59 млрд сўм миқдоридаги профицит билан чиқиш белгиланган. Ҳужжат лойиҳаси бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан тақдим этилди.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, 2018 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 290,6 трлн сўм, ЯИМ дефлятори – 14,1 фоиз, истеъмол нархлари индекси – 12-13 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Бюджетнинг даромад қисми ЯИМнинг 21,4 фоизи ёки 62,229 трлн сўм, харажатлар қисми эса ЯИМнинг 21,4 фоизи ёки 62,17 трлн сўм даражасида бўлишини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Давлат бюджетининг асосий харажатлари йўналишлари унинг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлашга қаратилган. 2018 йилда ижтимоий соҳа харажатлари 34,7 трлн сўмни ташкил этади.

Давлат дастурларини амалга ошириш учун 8,5 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлашга 815 млрд сўм ёки 2017 йилдагидан 3 баробар кўп маблағ сарфланади.

48 та олий таълим муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантиришга 559,1 млрд сўм ёки 1,5 баробар кўпроқ ажратилади. 296 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга 803,6 млрд сўм йўналтирилади.

Уй жой-коммунал соҳасига оид ишларни амалга оширишга 230,3 млрд сўм сарфланади. Транспорт-коммуникация лойиҳаларига 469,2 млрд сўм, ҳудудлардаги ижтимоий инфратузилма объектларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга 568,6 млрд сўм ажратилади.

2018 йилда ЯИМ ўсиш ҳажми 2017 йил билан солиштирилганда 5,9 фоизга ўсиши кўзда тутилган. Жумладан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 4 фоиз, капитал қўйилмалар ҳажмининг 6,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг 2017 йилги давлат бюджети ЯИМнинг 1 фоизи ёки 2,4 трлн сўм миқдоридаги дефицит билан тасдиқлан ган эди. ЯИМ ўсиш ҳажми 5,5 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, 2017 йилда товар ва хизматлар экспорти эса 14,4 фоизга ошиб, 13,9 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Бунда ижобий сальдо 854 миллион доллардан зиёдни ташкил қилади. Шунингдек, мамлакатда инфляция кўрсаткичлари 14 фоиз атрофида бўлиши  мўлжаланаяпти. “Аммо бундан аввалги маълумотларнинг шаффоф эканлигига Халқаро валюта жамғармаси ҳам шубҳа қилганди», дейди вазир.

Молия вазирининг фикрича, охирги пайтда статистик маълумотларни аниқлаштириш, уларни халққа тўғри етказиб беришга катта эътибор қаратилмоқда: қисқа муддат ичида Марказий Банк, Давлат Статистика қўмитаси, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари Халқаро Пресс клубда иштирок этиб, ҳақиқий иқтисодий рақамларни ошкор этган.

«Бунга нима туртки бўлди? Ўзбекистонлик иқтисодчилар ривожланиш стратегияси нима, иқтисодиёт қай оқимга оғишмоқда, бу статистика халқаро талабларга жавоб берадими, деган саволларга жавоб бериши керак. Гапнинг индаллосини айтганда, минбарлардан туриб, айрим рақамларни айтганимизда жуда кўп одамлар мийиғида кулиб қўярди. Шунинг учун, инфляция ҳақида гапирганда айтиш жоизки, у жорий йилда ҳақиқатан юқори бўлиши кутиляпти. Кейинги йилда ҳам (инфляция) юқори даражада бўлиб, 12-13 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Президент мана шу ҳақда очиқ-ойдин гапиришни айтмоқда: келгуси йилда кузатилиши мумкин бўлган рақамларни ҳам ошкор этмоқдамиз. Шунингдек, республиканинг энг чекка ҳудудларигача ёйилган аҳоли вакилларига энг қулай нархда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш имкониятини яратиш кераклигига эътибор қаратиляпти», дейди Бош вазир ўринбосари.

2017 йилдаги давлат бюджетининг даромадлар бўйича ижроси шуни кўрсатяптики, барча солиқ турлари ва бож тўловлари режалар тўлиқ бажарилиши кутилмоқда, шунингдек, 2016 йилдаги рақамлар билан солиштирганда, даромадлар 8,3 триллион сўмга ёки 20 фоизга ўсиши кутиляпти.

«​Бу ерда кўплаб ҳурматли ҳокимлар, вазирлар иштирок этмоқда. Аввалги йилларда, ғазначилик ҳаракати 15 декабрь кунидан бошлаб тўхтатилиши кузатиларди, бугунги кунга келиб, бирор соат ҳам харажатни тўхтатганимиз йўқ. Бу йилги профицит, ундан аввалги даврдан битта катта фарқи бор: айни вазиятда табиий профицитни кўрсатмоқдамиз. Биронта ишларни қолдирмасдан, тўлиқ молиялаштириб келяпмиз. Ваҳоланки, сунъий равишда ҳаракатларни чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки белгиланган муддатгача «​шартнома олиб келмадинг»​ каби ўйлаб топилган баҳоналарни такрорлаш ҳолатига чек қўйилди. Агар бирон бир вилоятда мана шундай воқеа юз берса, ўша ҳудуддаги Ғазначилик тармоғи раҳбарини лавозимидан олиб ташлашни илтимос қиламиз»​, деб қўшимча қилган Жамшид Қўчқоров.

SHARE