Қирғизистон янги президенти — Ўзбекистонда: асосий воқеалар

Бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши керак эмас

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков 13 декабрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Кўксарой қароргоҳида Қирғизистон Республикаси президенти Сооранбай Жээнбеков кутиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооронбой Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

«Қирғизистон Президенти сифатида илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганингизни юқори баҳолаймиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатингиз ифодаси деб қабул қиламиз.

© Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати

Қирғизистон – бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши керак эмас.

Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик. Шу боис бугун қандай масала бўлса, ечилиши лозим», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

ЎзАнинг ёзишича, Президент Сооранбай Жээнбеков Қирғизистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ушбу таклифни илгари сурган эди.

“Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз”, деди Сооранбай Жээнбеков.

Тошкентдан Ўшга авиақатнов йўлга қўйилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашув чоғида транспорт қатнови борасида келишиб олганликларини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, томонлар автобус йўналишларини очиш, нафақат Бишкек-Тошкент йўналиши бўйича авиарейсларни, балки Тошкент-Ўш йўналишида ҳам парвозларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдилар. «Жуда катта эҳтиёж бор. Биз Бишкек ва Тошкент ўртасида авиарейслар қатновини икки баробарга кўпайтиришни истаймиз. Бунга эҳтиёж бор», – деди Мирзиёев.

© Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти темир йўл йўналиши бўйича келишувлар мавжудлигини ҳам хабар қилди. “Қирғизистонда Иссиқ-Кўл ноёб кўли бор. Халқимиз биз авиарейсни йўлга қўйишимизни хоҳлади, аммо биз шунга келишиб олдикки, Иссиқ-Кўлга қадар темир йўл йўналишини ҳам очамиз. Бу одамлар. Қўшниларда шундай ажойиб жой бор бўлса, нега улар узоққа боришлари керак. Транспорт-логистик масалада биз катта ютуқларга эришдик”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёевнинг шунингдек таъкидлашича, «биз чегара масалалари бўйича ҳам олдинга силжидик». Унинг сўзларига кўра, президентларнинг хоҳиш-иродаси керак бўладиган масалалар ҳам бор. «Менимча, у бизда бор. Биз бир йил давомида чегаранинг 85 фоизини ҳужжатларга туширдик, тасаввур қиляпсизми. Бу фақат йўлнинг бошидир. Аста-секин ҳужжатларга туширамиз», – деди у.

Ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини 500 млн долларга етказилади

Ташриф доирасида ўзбек-қирғиз бизнес-форуми ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. Бизнес-форумда Қирғизистоннинг машинасозлик, қурилиш, озиқ-овқат, қадоқлаш, енгил саноат ва ахборот технологиялари соҳаларида фаолият кўрсатувчи 100 дан зиёд компанияси иштирок этди. Бу ҳақида Газета.uz хабар тарқатди.

Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев форум иштирокчиларини қарши олар экан, йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 60 фоиздан зиёдроққа ўсиб, 200 млн долларни ташкил этганини таъкидлади.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

“Қатъий шартномалар мавжудлигини ҳисобга олсак, уни 2017 йил охирига қадар 250 млн долларга етказиш учун барча имкониятлар бор”, – деди ташқи савдо вазири.

У Ўзбекистон корхоналари Қирғизистонга енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги ва йўл техникасининг кенг ассортименти, барча турдаги минерал ўғитлар, электротехника ва кабель-ўтказиш маҳсулотлари, маиший техника, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришлари мумкин.

Жамшид Ходжаев октябрдаги олий даражали учрашувлар доирасида эришилган келишувларга мувофиқ, Қирғизистон ҳудудида ўзбек қишлоқ хўжалик техникалари, «Ўзавтосаноат» автомобиллари, «СамАвто» автобуслари, «Ўзавтотрейлер» махсус прицепли техникалар, Artel бренди остида кир ювиш машиналарини йиғишни ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳамкорликда тўқимачилик ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артем Новиков ички салоҳиятдан фойдаланиб, бир-бирини ўзаро тўлдирган мамлакатлар нафақат товар айрибошлаш ҳажмини 500 млн долларга етказишлари, балки экспорт имкониятларини ҳам кенгайтиришлари мумкин. Қирғиз тадбиркорлари Ўзбекистон бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан асал, картошка, пиёз, сут ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериши, Ўзбекистон билан ҳамкорликда кўмир саноати корхонасини ташкил этиш ва мамлакатни травертин тоши билан таъминлаши мумкин.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири икки давлат банклари ўртасида мухбирлик ҳисоб рақамларини очиш бўйича дастлабки келишувга эришилгани ва Ўзбекистон томонидан банк ва молия операциялари, жумладан икки давлат ўртасида пул ўтказишларини амалга оширишда ҳеч қандай тўсқинлик ва чекловлар бўлмаслиги маълум қилди. Айниқса бу маҳсулотлар етказиб бериш ва сотиш орқали қирғиз тадбиркорлари оладиган фойдани олишга алоқадор.

У сайёҳлик алоқаларини кучайтириш учун янги транспорт йўналишларини ривожлантириш, жумладан режалаштирилаётган Ўш-Тошкент авиарейси ва Қирғизистоннинг Иссиқ кўл вилоятидаги Балиқчи шаҳрига қадар темир йўл рейсини очишнинг зарурлигини ёдга олди.

Шавкат Мирзиёев — яраштирувчи

Маълумки, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг «Данакер» ордени билан мукофотланган эди. Юксак давлат мукофотларидан бўлган ушбу орден халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, миллатлараро тотувликни асраш, илм-фанни ривожлантириш, миллий маданиятларни яқинлаштириш ва бойитишга катта ҳисса қўшган инсонларга берилади.

Данакер – яраштирувчи деган маънони англатади. Мукофот давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларини ривожлантириш, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларининг юксак эътирофидир.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков «Данакер» орденини тантанали равишда топширди.