Ўзбекистоннинг коррупция бўйича халқаро рейтинги яхшиланади

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар  мамлакатнинг Transparency International халқаро ташкилоти томонидан тузиладиган йиллик рейтингда ўз мавқеини янада яхшилашга ёрдам беради. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Олий ўқув курслари бошлиғи Евгений Коленко маълум қилди. Бу ҳақида Газета.uz сайти хабар берди.

Унинг қайд этишича, 2016 йил якунларига кўра Ўзбекистон коррупциялашган мамлакатлар рўйхатида 100 баллдан 21 балл тўплади (Балл қанча паст бўлса, коррупция даражаси шунча юқори бўлади). 2013 йилда бу кўрсаткич 17 баллни ташкил қилган эди. “Бизда ўсиш бор. Аммо бу биз кутаётган ўсиш суръатлари эмас”, деди у.

Бош прокуратура вакилининг айтишича, мамлакатда 2017 йилда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

“2018 йил январь ойида коррупция бўйича янги маъруза чиқиши кутилаяпти. Бизда рейтингнинг сезиларли даражада ошади, дейишга барча асослар бор”, деди Евгений Коленко. Бунга сабаблардан бири “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганидир.

Прокуратура вакили Transparency International ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индексини ҳисоблаб чиқиш услубининг у даражада шаффоф эмаслигини таъкидлади. “Мен ушбу рейтингга эътирозларим бор. Аммо шундай бўлса-да, биз мазкур рейтинг билан ҳисоблашишга мажбурмиз. Чунки у нуфузимизга, мамлакатимиз имиджига таъсир кўрсатади”, деди у.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳром Қобиловнинг қайд этишича, Transparency International сўровномасида дунёнинг 119 та мамлакатидан 160 минг киши иштирок этган. Ушбу маърузага кўра, Ўзбекистонда бор-йўғи 18 фоиз аҳоли давлат хизматлари кўрсатилаётганда порахўрлик ҳолатларига дуч келган. “Бу МДҲ доирасида энг яхши натижа. Шу муносабат билан Коррупцияга қарши давлат дастурининг давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижро этилиши, албатта, ижобий натижа беради”, дея ишонч билдирди у. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда мансабдор шахслар томонидан содир этилган коррупция жиноятлари жорий йилда 2016 йилдагига нисбатан 33 фоизга камайди.

SHARE