Шавкат Мирзиёев: “Биз Жаҳон cавдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ҳаракатларни қайта тикламоқдамиз”

Бугун Сеулда, Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Корея бизнес-форумида иштирок этди.

Форумда икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи тадбиркорлар иштирок этди.

Учрашув аввалида Корея Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Пак Ёнгман Корея Республикаси Президенти жаноб Мун Чжэ Иннинг бизнес-форум иштирокчиларига йўллаган мактубини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.

Давлат раҳбари  Корея Президентининг бизнес-форум иштирокчиларига йўллаган мактубида билдирилган фикрлар савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини ва икки мамлакат ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўташини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти турли соҳаларда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида жуда кўп ўхшашлик борлигини қайд этди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон корейс тадбиркорлари учун эшикларни кенг очганини таъкидлади. Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни ҳимоялашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  Президент Мирзиёев ўз маърузаси давомида корейс ишбилармонлари билан яқин ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида шу ернинг ўзида молия ва иқтисодиёт соҳаси ташкилотлари  раҳбарларига  аниқ кўрсатмалар берди.

Қуйида Президент Мирзиёевнинг нутқидан баъзи  иқтибосларни келтирамиз:

“Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси вақт ва ҳаёт  синовидан ўтган ишончли ҳамкорлардир. Бугун кўп қиррали муносабатларимиз барча йўналишларда жадал ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Кореянинг ҳурматли президенти жаноб Мун Чжэ Иннинг Корея яриморолида тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга оид ҳамда Шимолий Корея муаммосини ҳал қилиш бўйича олиб бораётган сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлайди.

Менинг Корея Республикасига давлат ташрифим сиз билан учрашишдан бошлангани тасодиф эмас.

Биз Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга сармояларни, илғор технологияларни ва корейс компаниялари бошқарувини жалб қилишдан манфаатдормиз.

Бизда Корея бизнеси учун  таклиф этадиган  нарсалар кўп.

Бугунги кунда мамлакатимизга ишончни ошириш, узоқ муддатли ва барқарор сиёсатни амалга ошириш, очиқ бизнес ва инвестиция муҳитини яратиш орқали инвесторларни жалб этишга қаратилган қатъий чоралар кўрилаётганини таъкидлашни истардим.

Бу келгуси беш йил учун Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

Биринчидан, жорий йилнинг сентябр ойидан бошлаб валюта бозоридаги  тўсиқларни бутунлай йўқ қилдик ва миллий валютани эркин конвертациясини жорий қилдик.

Иккинчидан, биз ташқи савдо сиёсатини янада либераллаштириш бўйича фаол чора-тадбирларни кўрмоқдамиз.

Тариф ва нотариф тўсиқлар сезиларли даражада камайди, кенг миқёсда товар номенклатураси учун импорт божхона тўловлари пасайтирилди. Деярли барча экспорт чекловлари, шу жумладан валюта тушумларининг мажбурий сотилиши бекор қилинди.

Биз Жаҳон cавдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ҳаракатларни қайта тикламоқдамиз.

Ушбу ташриф давомида биз ЖСТга аъзо бўлиш масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида биргаликда «йўл харитаси»ни қабул қилишни режалаштираётганимизни мамнуният билан таъкидлашимиз лозим.

Корея биз билан бундай ҳамкорлик ҳужжатига имзо чеккан биринчи давлатдир. Бундан ташқари, ўзаро савдони ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича кореялик ҳамкорларимиз билан янги режалар ишлаб чиқилмоқда.

Учинчидан, биз хом-ашё маҳсулотлари ва энергияташувчи воситалар бозорини либераллаштиришга киришдик.

Биз давлатнинг тақсимлашдаги бевосита аралашувдан воз кечишга қарор қилдик ва келгуси йилдан бу маҳсулотларни сотувини биржа савдолари орқали шаффоф ва бозор механизмлари йўли билан амалга оширишни жорий этишга қарор қилдик.

Тўртинчидан, биз кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига, шунингдек хорижий инвесторлар учун солиқ юкини камайтириш бўйича тизимли равишда ишламоқдамиз.

Бешинчидан, би знес манфаатларни ҳимоя қилиш ва қулай иш шароитларини яратиш мақсадида режадан ташқари текширувларнинг барча турлари тақиқланади.

Назорат қилувчи органларнинг ваколатлари кескин чекланди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институти ташкил этилди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, булар бугунги кунда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётган янги тузилмавий ислоҳотларнинг фақат кичик бир қисмидир.

Қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини яхшилаш динамикаси бўйича етакчи ўнта мамлакат қаторига кирди.

Бир йил мобайнида мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Дуинг бизнес” рейтингида 13 ўрин юқорилади.

Биз ўз олдимизга 2025 йилга қадар Ўзбекистонни ушбу рейтингда биринчи йигирмата етакчилари қаторига киритиш каби истиқболли ва амалга ошириш мумкин бўлган мақсад қўймоқдамиз.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги жозибадор бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантиришга қатъият билан ёндошмоқда.

Сизга мурожаат қилар эканман, биз Ўзбекистонда корейс компаниялари билан очиқ ва ошкора ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигимизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Мен сизнинг инвестицияларингизнинг ишончли ҳимоясини, мол-мулкингиз дахлсизлигини ва даромадни эркин ўтказишингизни кафолатлайман.

Биз шуни аниқ тушунамизки, бизнес ўзаро манфаатли бўлиши керак. Ҳар бир кореялик сармоядор бизнинг бозорда мамнуният билан ишлаган ҳолда, ўзига фойда олиш билан бирга юртимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиши керак.

Биз Корея компаниялари учун энг қулай шарт-шароитларни яратиб бераётганимизни таъкидлайман ва биз сизни Ўзбекистонда узоқ муддатли ҳамкорлар сифатида кўришни исташимизни айтиб ўтмоқчиман.

Бу шунчаки сўзлар эмас. Бу менинг сиёсий иродам, менинг қатъий ва ўзгармас позициям.

Ўзбекистондаги янги имкониятлардан биринчи навбатда руҳияти ва қадриятлари бизга яқин бўлган ҳамда бизда энг катта диаспорага эга бўлган   Корея Республикаси  ишбилармонлари фойдаланиши мантиқан тўғри бўлади.

Менинг Кореяга ташрифим доирасида 10 миллиард долларга яқин каттагина, икки томонлама ҳамкорлик, инвестиция ва савдо шартномаларининг тузилганидан чин қалбимдан мамнунман.

Жумладан шу кунларда энергетика соҳасида ҳамкорликда амалга ошириш учун қўйидаги лойиҳалар имзоланди:

– Инфраструктура объектларини тўла модернизация қилиш (калити билан топшириш);

– Қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш ҳамда уларга модуллар ишлаб чиқиш;

– Самарадор энергия воситаларини ишлаб чиқиш.

Газкимё ва кимё соҳаларида ҳам катта имкониятларни кўрмоқдамиз.

Биз Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларида эҳтиёж катта бўлган полимер ва пластмасс, синтетик тола, уғитлар, маиший кимё, ҳамда кимё маҳсулолотларининг кенг кўламдаги бошқа турларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз.

Ўзбекистонда мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда қурилиш моллари ишлаб чиқариш борасида  ҳам катта истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларига эгамиз.

Бу форумда иштирок этаётган “Ўзқурилишматериаллари” компанияси раиси Ботир Зарипов бошчилигидаги жамоа  Кореянинг “Эве – грин”, “Эс Уай Панел”, “Оджу Тех” ва бошқа компаниялари билан ҳамкорлик қилади.

Ораларингизда кўпчилик Ўзбекистонинг қишлоқ хўжалиги имкониятлари, мева ва полиз маҳсулотларининг таъми ва фойдали сифатлари ҳақида эшитган.

Бу йўналишда – маҳсулотни ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашдан тортиб, уни қадоқлаш ва етказиб беришгача бўлган жараёнда ҳам биз катта имкониятларни кўрмоқдамиз.

Давлат – хусусий сектор ҳамкорлиги асосида лойиҳаларни амлга оширишда ҳам катта истиқболларни кўрмоқдамиз.

Бу Ўзбекистон учун янги йўналиш.

Кореянинг бу соҳада тўплаган катта тажрибасини ҳисобга олиб, корея бизнесининг юқорида санаб ўтилган лойиҳаларини иқтисодиёнинг турли йўналишларида амалга оширишда фаол и штирок этишига умид билдирамиз.

Ишонаманки, етакчи компания ва банклар иштирокидаги бугунги бизнес-форум Ўзбекитон ва Корея Республикасининг ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Бизнинг икки томонлама савдо айланмаси ва инвестицияларни бир неча баробар ошириш учун имкониятларимиз бор.

Асосийси – ўзаро яқин мулоқотни ва фаол ҳамкорликни  давом эттирган ҳолда олға интилиш.

Сўзим якунида, яна бир маратоба қайд этиб ўтмоқчиман: Ўзбекистон корея бизнеси учун ўз эшикларини кенг очди.

Мен ва Ўзбектистон ҳукумати ҳар бир корейс инвесторига биргаликдаги лойиҳаларимизда  ҳар томонлама кўмак берамиз ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Бунга шубҳа йўқ.

Президент нутқидан сўнг, Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Дон Ён сўз олиб, Ўзбекистон Президенти нутқини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тинглаганини таъкидлади.  Ўз мамлакатининг ривожи ва айниқса бизнесни қўллаб кувватлашга бу қадар катта аҳамият берган давлат раҳбарини жуда кам учратганлигини эътироф этди.

Жаноб Ким Дон Ённинг таъкидлашича, корейс протоколи тарихида биринчи марта хорижий давлат раҳбарини аэропортда кутиб олиш учун Бош вазир ўринбосари даражасидаги давлат мулозими пешвоз чиқди. Бу корейс томонининг Ўзбекистон ва унинг халқига бўлган чуқур ҳурматидан далолат беради.

Шундан сўнг Корея Республикаси савдо, энергетика ва саноат вазири  Паик Унгю сўзга чиқиб,  Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатлар айниқса учта стратегик  йўналишда изчил ривожланаётганлигини таъкидлади.   Биринчидан,  юқори қўшимча қиймат товарлари ишлаб чиқариш соҳасида ; иккинчидан  – газ-кимё ва нодир металлар қазиб олиш соҳасида; учинчидан  – қайта тикланадиган энергия манбаалари соҳасида. Шунингдек у таълим соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.  Жаноб Паик Корея Навоийдаги  логистика марказини минтақадаги етакчи секторга айлантиришга ҳаракат қилишини айтиб ўтди.

Форумда Корея Республикаси парламенти аъзоси жаноб Сон Юн Гил ҳам сўзга чиқиб, ўзбек халқининг бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги боис ўзбек заминида корейс диаспораси ўтган асрнинг энг мураккаб даврида жойлашиб, бугун   Ўзбекистон жамиятининг муҳим ва ажралмас қисмига айланганлигини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, у Ўзбекистон Президентининг бизнес-форумдаги нутқи  хорижий табдиркорлар ва сармоядорлар учун давлат раҳбарининг ҳақиқий  маҳорат дарсига айланганлигини таъкидлади.

SHARE