Ўзбекистонда берилган визалар сони 21 фоизга ошди

Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг 9 ойи давомида ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ олиб борган ишлари бўйича ҳисобот берди.

2017 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида ТИВ Консуллик бошқармаси ва Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасалари томонидан чет эл фуқароларига Ўзбекистонга кириш визасини бериш, биометрик паспортни алмаштириш/бериш, ватанга қайтиш тўғрисидаги гувоҳнома бериш, фуқаролик ҳолатини қайд этиш, нотариал хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ жами 308,879 та консуллик амаллари бажарилди.

Январь-сентябрь ойлари давомида 224 минг 22 нафар чет эл фуқароларига, шу жумладан, 96 минг 752 нафар сайёҳга ва 32 минг 898 нафар тадбиркорларга ҳам Ўзбекистонга кириш визалари берилди. 2016 йилнинг шу даврига нисбатан берилган визалар умумий сони 21 фоизга, шу жумладан, берилган сайёҳлик визалари 24 фоизга, тадбиркорлик визалари 27 фоизга ошди.