Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев ҳукумат аъзолари билан ўтказган учрашувда маълум қилнан.


Давлат раҳбари Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш масаласи биринчи навбатда илм-фан, юксак технологиялар, замонавий инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади. Ва айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Бизнинг саховатли заминимиз ер ости ва ер усти бойликларига, инсон ресурсларига, билимли ва юқори малакали кадрларга бой. Лекин, афсуски, биз мана шундай улкан салоҳиятимиздан унумли ва самарали фойдалана олмаяпмиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, самарали солиқ сиёсатини шакллантириш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, давлат статистикаси тизимини такомиллаштириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Kun.uz сайтининг хабар беришича, янги вазирликка Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Йўлчиевич Абдураҳмонов раҳбарлик қилади.