Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси Нью-Йорк шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

Элчихона сайтида айтилишича, дипломатик ваколатхона Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига С. Соиповнинг шахсини ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини аниқлаш мақсадида мурожаат қилган.

Элчихона АҚШ тергов органлари мурожаат қилган ҳолларда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

31 октябрь куни Нью-Йоркда саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлган Сайфулло Соипов 1 ноябрь куни федерал судга олиб борилган.

Унга терроризм бўйича айблар қўйилмоқда. Судда айбдор деб топилса, бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси билан юзлашади.

Терговчилар маълум қилишича, Соипов ҳужумга икки ой тайёрланганини тан олган. Юк машинасини ижарага олиб машқ қилган. Телефонидан ўнлаб видеолар ва суратлар топилган. Уларда “Исломий давлат” террористик ташкилотининг ваҳший ишлари, бешавқат қилмишлари, қийноқлар ва қатллар акс этади.

Соипов сўроқ қилинганида, бу тасвирлардан илҳом олганини айтган. Йигит ҳужумда яраланган ва операция қилинган. Ҳаёти хавф остида эмас.

Ўлган саккиз кишидан икки нафари америкалик. Қолгани аргентиналик, бири бельгиялик.