Шавкат Мирзиёев Тожикистонга боради

Ўзбекистон Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов маълум қилди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, Норовнинг мақоласи институтнинг Facebook’даги расмий саҳифасида жойлаштирилган.

“Ўзбекистон дипломатияси бир йилдан бери президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида барча чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни фаол ва босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этмоқда. Бу нафақат турли даражалардаги давлатлараро алоқаларнинг кўпайиши ҳамда кенгайиши, балки Тошкентнинг қўшнилар билан аввалги зиддиятларни ҳал қилишда оқилона муроса йўлини қидириш бўйича аниқ кайфиятида ҳам намоён бўлади”, – дея ёзган Владимир Норов.

Унинг сўзларига кўра, шуниси эътиборга моликки, Ўзбекистон раҳбари сўнгги ойлар ичида барча қўшни мамлакатлар етакчилари билан расмий, норасмий ҳамда амалий учрашувларни ўтказди.

“Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга ташриф амалга оширилди. Тожикистонга ташриф тайёрланмоқда”, – дея хабар берган Норов.

Таъкидлаш жоизки, бу Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти сифатида Тожикистонга биринчи ташрифи бўлади.

 

SHARE