Ўзбекистон Эрондан нефть хом ашёсини импорт қилиши мумкин

    Ўзбекистон делегацияси Эрон ишбилармонларини ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш, лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга чақирди. 18 октябрь куни Теҳронда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Эрон бизнес-форумида Ўзбекистон ҳукумат делегацияси иштирок этди.

    Газета.uz сайтининг Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, форумда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Алишер Султонов ва Ўзбекистон делегациясининг бошқа аъзолари сўзга чиқди. Эрон ҳукумати номидан сўзга Эрон саноат, конлар ва савдо вазирининг ўринбосари Можтаба Хосравтаж чиқди.

    Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон делегациясининг Теҳрон шаҳрига ташрифи сентябрь ойида Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилганини таъкидлади.

    Ўзбекистон делегациясининг Эронга ташрифи доирасида ва бизнес-форум натижалари бўйича бир қатор ўзаро манфаатли ҳужжатлар, хусусан 7,5 млн АҚШ долларилик аҳдлашув баённомаси, шунингдек, 25,5 млн АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича битимлар имзоланди.

    Эрон нефть вазири Бижан Занганенинг маълум қилишича, Ўзбекистон ушбу мамлакатдан нефть харид қилиш имкониятларини кўриб чиқаяпти. Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг денгиз портларига чиқиш имконияти йўқлиги боис нефтни асосан автомобиль ва темир йўл транспорти орқали етказиб бериш керак бўлади.

    Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Эрондан нефть хом ашёсини харид қилиши мумкин. Буни Эрон масъуллари ҳам исташмоқда. “Бу икки томонлама муносабатларни мустакамлаш ва ривожлантириш учун қулай чора ҳисобланади”, деди Эрон нефть вазири.

    Ўзбекистон жорий йил ичида мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводлари учун нефть хом ашёсини фаол изламоқда.

    Жумладан, Россия ёки Қозоғистон билан эришилган келишувларга мувофиқ, ушбу мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган нефтнинг бир миллион тоннасини Ўзбекистонга етказиб бериш имконини юзага келди. Келгусида ушбу кўрсаткични йилига беш миллион тоннагача етказиш кўзда тутилмоқда. Мазкур истиқболли лойиҳа Жиззах вилоятида барпо этилаётган нефтни қайта ишлаш заводини зарур хомашё билан таъминлашга хизмат қилади.

    Шунингдек, Туркманистонга давлат ташрифи билан борган Шавкат Мирзиёев учрашувларда Ўзбекистонга туркман нефтини тўғридан-тўғри импорт қилиш бўйича келишувга эришган.

    Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади. “Ташриф доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Бу иқтисодиётимизга, компаниямизга жуда катта фойда келтиради. Орадиган турли воситачилардан воз кечиб, биз тўғридан-тўғри нефть қазиб олаётган компаниялардан сотиб оламиз. Бу дегани маҳсулотнинг таннархини камайтириш имконини беради”, дейди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султанов. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Туркманистондан 500 минг тонна атрофида нефть харид қилади.

    SHARE