Ўзбекистон чет элдан 50 нафар шифокорни қайтарди

    Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев раислигида 18 октябрь куни ўтказилган йиғилиш маълум қилинган.

    Хабарда айтилишича, бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 минг 197 ёш мутахассиснинг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди.

    Шавкат Мирзиёенинг айтишича, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада эмаслиги долзарб муаммолардан бири. “Тан олиш керак, ҳудудлардан юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун Тошкент шаҳрига келиш аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда”, деди давлат раҳбари.

    Йиғилишда ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олингани қайд этилди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларига, жумладан, болалар шифохоналари, эндокринология, кардиология, силга қарши, тери-таносил диспансерлари, онкология маркази филиаллари, юқумли касалликлар шифохоналарига ишлаш учун юборилди.

    2016 йилда 806 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси фаолият кўрсатган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 2 минг 100 дан ошди.

    Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришни такомиллаштиришга оид қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада Тошкент шаҳрида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Жиззах шаҳрида Жанубий Корея, Фарғона, Қарши шаҳарларида ва Қумқўрғон туманида Ҳиндистон каби давлатлар билан қўшма клиникалар ташкил этилмоқда. Ўтган 9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалари яна 400 дан зиёдга кўпайиб, уларнинг сони 3 минг 860 дан ошди.

     

    SHARE